Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саноат корхоналарининг самарали фаолияти иқтисодиётнинг барқарор ишлашининг муҳим омили
2018-03-05 | Иқтисодиёт
Маълумки, жорий йилда саноат маҳсулотларининг ўсиш суръати 107,8 фоизни ташкил этиши мўлжалланган (қўшилган қийматда 106,4 фоиз). Шу жумладан, ушбу чоракда бу кўрсаткич 106,2 фоизни ташкил этиши зарур. Бу мақсадда, ўтган йили 161 янги йирик ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 7 мингдан зиёд саноат ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилган. Бундан ташқари мамлакатимизнинг валюта сиёсатини эркинлаштирилиши ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шу билан биргаликда жорий йилнинг ҳисобот даврида статистика органларининг маълумотларига кўра, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми 14452,1 миллиард сўмни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 112,9 фоизга ўсди (январь ойи якуни).
Аммо, 119 та йирик саноат корхоналари томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми олдинги йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 447 миллиард сўмга камайган. Хусусан, «Ўзпахтасаноат» АЖ - 17 корхона 32,4 миллиард сўмга, «Ўзбекнефтегаз» АЖ (17 та корхона, қарийб 58 миллиард сўм), «Ўзвинпром-холдинг» ХК (12 та, қарийб 12 миллиард сўм) ва «Ўзпахтаёғ» (11 та, 32,5 миллиард сўм) ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтиришга йўл қўйган.
Шунингдек, Республика тасарруфидаги «Хоразм шакар» ҚК - 79,7 миллиард сўм, «Ангрен шакар» ЙОАЖ - 67,1 миллиард сўмга ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирган. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳрида «Чой қадоқлаш фабрикаси» ЁАЖ - 50,2 миллиард сўм, «Кўкча текстиль» ЙОАЖ - 14,5 миллиард сўмга, «Ўзнефтегазинформатика» АЖ - 1,3 миллиард сўм, Фарғона вилоятида «Кувасойшифер» АЖ - 2,6 миллиард сўм, Тошкент вилоятида «Лука текстиль» ЙОАЖ корхоналари - қарийб 712 миллион сўмга ишлаб чиқариш маҳсулотлари ҳажмини камайтириб юборган.
Ҳисобот даврида мамлакатимиз бўйича истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,1 фоизга ўсган бўлсада, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга камайган.
Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари халқимизни рози қилишга йўналтирилган ислоҳотларни жадал олиб бормаганликлари айрим ҳудудларда, жумладан Навоий (98,2 фоиз), Бухоро (98,9 фоиз), Наманган (99,5 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (99,5 фоиз) истеъмол товарларини олдинги йилнинг мос даврига нисбатан кам ишлаб чиқарилишида ўз таъсирини кўрсатди.
Бундай ҳолат тармоқ ва ҳудудий раҳбарлар томонидан мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётганидан далолат беради. Айниқса бу борада буюртмалар портфельини ўз вақтида ишончли равишда шакллантирилмаганлиги, айланма маблағлар талаб даражасига жавоб бермаслиги, умуман олганда рақобатбардошлик даражаси эътибордан чиқганлиги натижасида юзага келган.
Бу эса саноат тармоқлари ва корхона раҳбарларининг ўз иш фаолиятларини биринчи чорак якунига қадар танқидий кўз билан қайта кўриб чиқиб, энг аввало экспортга йўналтирилган рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, инфляция даражасини жиловлашга, аҳолига муносиб турмуш тарзини яратишга қаратишларини талаб этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги