Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Қирғизистон Республикаси ИИВ ўртасида Идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши
2018-03-04 | Жамият
2018 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Қирғизистон Республикаси ИИВ ўртасида Идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан вазирнинг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармуҳамедов, қирғизистонлик ҳамкасблар томонидан вазир ўринбосари, милиция генерал-майори Д.Абдикаров бошқарди.
Айтиб ўтиш жоиз, мазкур тадбир икки давлат раҳбарларининг 2017 йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мулоқотининг мантиқий давоми бўлди. Унда давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, шунингдек, барчани қизиқтирган минтақавий ҳарактердаги муаммолар борасидаги масалалар муҳокама этилган эди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазирликлари томонидан умумжиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши курашиш ва қидирув фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳар икки томон ички ишлар органлари бўлинмаларининг терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграция бўйича маълумот алмашинуви борасидаги фаолиятининг ҳозирги кундаги ҳолати ва келгусидаги истиқболи, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳолати, уни такомиллаштириш йўллари муҳокама этилди. Иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва белгиланган соҳаларда тажриба алмашиш масалалари борасида фикрлашдилар.
Тадбир якунига кўра, 2018-2019 йил учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Протокол, шунингдек, йиғилиш Баённомаси имзоланди.
Ташриф доирасида Қирғизистон Республикаси ИИВ делегацияси аъзолари “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фаолиятига жорий этилиши билан танишишди, шунингдек, республикамиз пойтахтининг диққатга сазовор жойларини бориб кўришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги