Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Юк ташиш фаолияти учун ҳам лицензия олинади, ҳам солиқ тўланади

2018-03-03 | Жамият

Яқинда Лабо русумли юк ташишга мўлжалланган автомашинасини сотиб олдим. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритсам лицензия учун тўловни амалга ошириб ишлашим керакми ёки рўйхатдан ўтиб, белгиланган тартибда солиқ тўласам кифоями? Шу ҳақда тушунтириш берсангиз.

Авваламбор солиқ тушунчасига изоҳ берсак, солиқлар деганда муайян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари тушунилади.

Лицензия эса айрим фаолият турларини амалга ошириш учун рухсат берувчи ҳужжат ҳисобланади. Яъни, лицензия учун тўлаган тўловларингиз солиқ ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-ИИ-сонли қарори билан тасдиқланган Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг Рўйхатига асосан автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланадиган фаолият турларига киритилган.

Ушбу фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 14 июлдаги 138-сонли қарори билан тасдиқланган «Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилади.

Солиқ солиш масаласига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454-сонли қарори 11-иловаси билан 2018 йил учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари белгиланган бўлиб, унга кўра автомобиль транспортида юк ташиш хизматини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳар ой учун:

- 3 тоннагача юк кўтариш қувватига эга юк автомобильлари учун энг кам иш ҳақининг 1,5 баравари миқдорида;

- 8 тоннагача юк кўтариш қувватига эга юк автомобильлари учун энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида;

- 12 тоннагача юк кўтариш қувватига эга юк автомобильлари учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида;

- 12 тоннадан ортиқ юк кўтариш қувватига эга юк автомобильлари учун энг кам иш ҳақининг 3,5 баравари миқдорида қатъий солиқ ставкалари белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, агар сиз якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда, Лабо русумли автомашинада (юк кўтариш қуввати 550 кг) тегишли лицензия асосида юк ташиш фаолиятини амалга оширсангиз, у ҳолда 2018 йилда ҳар ой учун энг кам иш ҳақининг 1,5 баравари ёки 258 360 сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлашингиз лозим бўлади.

Қатъий белгиланган солиқ ставкалари йил бошига – 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан (172 240 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан, энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда суғурта бадали тўлашингиз лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сонли қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ, юкларни автомобиль транспортида ташиш фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар бир нафар ходимни ёллаши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорга ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш билан бир қаторда ҳар бир ходим учун қуйидагиларни:

- суғурта бадалини – ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

- қатъий белгиланган солиқни – якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича назарда тутилган белгиланган ставканинг 30 фоизи миқдорида, I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган ходимлар бўйича эса, энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида тўлаш мажбурияти юклатилган.

Маълумот учун : Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 165-моддасига асосан лицензия олиниши ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз ёки бош қа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса, йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Поделиться