Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда ҳам чегара очилди
2018-03-03 | Жамият
Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ўртасидаги “Қўшқанд” ва “Учтўрғон” чегара назорат ўтказув пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларининг давлат байроқлари билан безатилган ўтказув пунктидаги тантанали тадбирда ҳар иккала томондан вилоят ҳокимликлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, чегара ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирок этди.
Карнай-сурнай садолари остида “Қўшқанд” чегара назорат ўтказув пунктидаги тўсиқ очилиб, қўшни Тожикистон делегацияси Ўзбекистон ҳудудига кириб келди. Меҳмонлар ўзбекона меҳмоннавозлик, нон-туз билан кутиб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг саъй-ҳаракати билан тарихи, кечмиши, тақдири бир бўлган икки халқ ўртасидаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши Ҳазрат Мир Алишер Навоий ва мавлоно Абдураҳмон Жомий асарларида тараннум этилган буюк дўстлик абадий эканлигининг амалий исботи бўлганлиги таъкидланди. Бу дўстлик иккала мамлакатнинг ҳам ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилиши эътироф этилди.
– Ўзбек ва тожик халқлари бир-бири билан азалдан қондош, қадрдон, қуда-анда бўлиб келган, – дейди Янгиобод туманидаги “Баландчақир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Бегматов. –Бизлар икки тилда гаплашувчи бир халқмиз. Бизнинг тўйимиз, маъракамиз бир-биримизсиз ўтмаган. Ўтказиш масканларининг очилиши бу азалий яқинлигимиз, борди-келдимиз яна бардавом бўлишига хизмат қилади.
Меҳмон ва мезбонлар тўкин дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашишди. Саҳнада ўзбек ва тожик куй-қўшиқлари, жозибали рақслар ижро этилди.
Ўзбекистонликлар ҳам Суғд вилоятининг Истаравшон шаҳридаги чегара назорат ўтказув пунктида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Бу ерда ҳам тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбек ва тожик санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар байрамга ўзгача файз бағишлади. Икки халқ вакиллари биргаликда рақсга тушиб, бир пиёла чой устида дийдорлашди.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА