Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ахсикент очиқ осмон остидаги музей бўлади
2018-03-02 | Жамият
Наманган вилояти ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги "Ахсикент" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган дирекциянинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.
"Ахсикент" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини лозим даражада муҳофаза қилиш, бут сақланишини таъминлаш ва белгиланган тартибда рухсатнома олган археологлар томонидан археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий археология тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш мазкур дирекциянинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Қадимий Ахсикент шаҳрига оид республикамиз ва хорижда сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда атрофлича тадқиқ этиш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, тарихий-илмий асослар бўйича қадимий Ахсикент шаҳрининг макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар. осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар каби бошқа манбалар ҳисобидан музейлаштирилган экспозиция-кўргазма яратиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш, туристлар, илмий тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда мажмуанинг муҳофаза ҳудудидан ташқарисида замонавий комплекс дам олиш масканларини ташкил этиш ва мажмуанинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам дирекция фаолиятининг муҳим мезонларидир.
Ахсикент ёдгорлиги – қадимий шаҳар харобаси. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги 3-2-асрларда вужудга келган, 9-10-асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йилда мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Унинг эски ўрнидан 5-7 километр ғарбда бунёд этилган янги Ахсикат эса 14-17 асрларга мансубдир.
Ахсикатни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари 19-аср охирлари 20-аср бошларидан бошланган. Ахсикент харобаларидан ғарброқда ўрта асрларга оид яна бир шаҳар харобалари борлиги аниқланган. Академик Я.Ғуломов ва археолог И.Аҳроров мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлигини, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган Ахсикент эканлигини биринчи бўлиб исботлади.
Мамлакатимизда миллий маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-атиқаларни асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказиш, ёшлар тарбиясида уларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятидан самарали фойдаланиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар доирасида узоқ йиллар мобайнида эътибордан четда қолган Ахсикент археологик ёдгорлигини ҳам юзага чиқаришга киришилди.
Тадбирда Ахсикент ёдгорлик мажмуасининг илмий концепцияси, дирекциянинг илмий тадқиқот йўналишлари бўйича маърузалар тингланди.
– Ахсикент замини остида тарихимизнинг ҳали очилмаган кўплаб сирлари пинҳон ётибди, – дейди “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси раҳбари, тарих фанлари номзоди, доцент Т.Қозоқов. – Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли мазкур тарихий маскан бўйича илмий тадқиқотлар, археологик изланишлар давом эттириладиган бўлди. Шу билан бирга, бу ерда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳайкали ўрнатилиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган меъморий ансамбль ташкил этиш, Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, халқаро сайёҳлик йўналишларига киритиш кўзда тутилган.
Тадбир иштирокчилари кўҳна Ахсикент ёдгорлиги бўйлаб саёҳат қилди.
Анжуманда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Манба: ЎзА