Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган вокзали замонавий кўринишга эга бўлади
2018-03-02 | Иқтисодиёт
Айни кунларда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Наманган темир йўл вокзалини янгидан қуриш бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. 3 қаватдан иборат вокзал қурилиши «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти буюртмаси асосида «Тоштемирйўллойиҳа» масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳалаштирилди.
Замонавий архитектура ечимлари асосида қурилаётган бино ўзига хос кўркам қиёфага эга бўлади. Ҳозирда биринчи ва иккинчи қаватда жойлашган хоналарда қурилиш-монтаж ишлари якунланган бўлиб, пардозлаш жараёни давом этмоқда. Қурилишга 100 нафардан ортиқ ишчи-ходим ва ўнлаб замонавий техника жалб этилган. Вокзалда лойиҳа доирасида кутиш ва VIP заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, тамаддихона ҳамда савдо шохобчалари ташкил қилинади. Юқори қаватга кўтарилиш учун замонавий лифтлар ўрнатилади. Кутиш залларида йўловчи поэздларнинг қатнов жадвали акс этган электрон ойна, Wi-Fi интернет тизими, электрон кутубхона жорий этилади. Шунингдек, ҳудудни тубдан ободонлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, турли хил гул ва хушманзара дарахтлар экилади. Улкан фаввора бунёд этилиб, аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариш масканига айлантирилади. Вокзал олдида ёзги айвон қурилиб, перрон кенгайтирилади.
Хавфсизликни тўлиқ таъминлаш мақсадида атроф панжарали тўсиқлар билан ўралади ва видеокузатув мосламалари ўрнатилади. Ҳозирда нафақат вокзалда, балки унинг ён томонида жойлашган «Локомотив» меҳмонхонасида ҳам қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Меҳмонхона 5 қаватдан иборат бўлиб, биринчи ҳамда иккинчи қаватда вокзалнинг маъмурий биноси ўрин олади. Илгари вокзал ичида жойлашган чиптахона меҳмонхонанинг биринчи қаватига кўчирилади.
Бунёдкорлик ишлари якунлангач, бу ерда ишчи-ходимлар ва йўловчилар учун жаҳон андозалари даражасида қулай шарт-шароитлар яратилади.
Манба: “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти