Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзаро яхши қўшничилик ва фаровонлик асоси
2018-03-02 | Сиёсат
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Имомали Раҳмон саъй-ҳаракатлари ва қўллаб-қувватлашлари туфайли икки давлат ҳамда икки халқ ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда.
Кўпгина соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий жабҳада ҳам ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорлик равнақ топмоқда. Масалан, 2017 йил якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги товар алмашуви ҳажмлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,2 фоизга ўсгани ҳолда 236,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Давлатларимиз раҳбарлари ўртасида йўлга қўйилган ишончли мулоқот, шунингдек, 2017 йили Тошкент ва Душанбеда ўтказилган саноат корхоналари маҳсулотларининг миллий кўргазмаси ҳамда ишбилармон доиралар бизнес анжуманлари бу йўналишдаги самарали муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Мазкур тадбирлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида алоқалар ўрнатиш ва уларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ажойиб минбар бўлди. Навбатдаги «Made in Uzbekistan» кўргазмаси жорий йил 7 – 9 март кунлари Тожикистон пойтахтида ўтказилиши режалаштирилган.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, кейинги йил давомида икки мамлакат бизнес доиралари вакилларининг давлатларимиз бозорларига бўлган қизиқишлари сезиларли даражада ошди. Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳар икки томон компаниялари савдо уйларининг очилгани бу фикрни тасдиқлайди. Уларнинг пештахталарида электротехника ва кийим-кечаклардан тортиб то қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларигача мавжуд.
Бироқ ўзаро савдо ҳажмларини янада ошириш учун икки республика олдида муҳим масалалар турибди. Бу турли чекловларни бартараф қилиш, товарлар жойлашувидаги тарифларни камайтириш, транспорт инфратузилмасини қайта тиклаш, назорат-ўтиш пунктларини очиш билан боғлиқ масалалардир. Икки томонлама муносабатларда муҳим бўлган ана шундай ва бошқа масалалар жорий йил 10 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Тожикистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг сўнгги йиғилишида муҳокама этилди.
Шу билан бирга, ҳамкорликни чуқурлаштириш ва тадбиркорлар учун долзарб йўналишларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон икки томонлама ишбилармонлик кенгашини тузиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу кенгашнинг биринчи йиғилиши жорий йил март ойида, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга буюражак давлат ташрифи чоғида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатларимиз томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар ва ташланаётган муҳим қадамлар, шубҳасиз, энг асосий мақсадларга – ўзаро фаровонлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлида давлатларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги