Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ Давлат департаменти: “Ўзбекистон Афғонистондаги вазият бўйича “тарихий роль” ўйнамоқда”
2018-03-02 | Сиёсат
АҚШ Давлат департаменти Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик” номли халқаро конференцияга “Ўзбекистоннинг халқаро аренага қайтиши” дея баҳо берди.
АҚШ Ўзбекистон Афғонистондаги барқарорликни таъминлаш бўйича “тарихий роль” ўйнамоқда деб ҳисоблайди. Бу ҳақида “РИА Новости” ахборот манбаси ушбу мамлакат Давлат департаменти вакили Хезер Науэрт баёнотига таяниб хабар берди.
Мазкур баёнот шу йил 26-27 март куни Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро конференция муносабати билан берилди.
“Ўзбекистон Афғонистондаги барқарорликни таъминлаш бўйича тарихий роль ўйнамоқда ва мазкур конференция уни халқаро аренага қайтишини билдиради деб ҳисоблаш мумкин”, — деди Науэрт хоним.
Унинг айтишича, Афғонистон ҳукумати ва АҚШ вакиллари ушбу конференцияда иштирок этади.
“Учрашувдан мақсад афғон ҳукуматининг тинчликка эришиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун қатор халқаро шерикларни бир-бирига яқинлаштиришга интилишдир”, — дея қўшимча қилган у.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги