Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экологик масалалар муҳокамаси
2015-05-02 | Жамият
Наманганда Президентимизнинг шу йил 10 апрелда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ҳамда "Ўзбекистонга хос бўлган турли табиий, тарихий, миллий, демографик ва экологик хусусиятларни тўла ҳисобга олган "ўзбек модели" ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш" мавзусига бағишланган тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари, Экоҳаракат ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, олимлар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда экологик қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштириш фаолиятининг асосий йўналишлари, долзарб экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида сўз юритилди. Президентимиз раҳнамолигида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Истиқлол йилларида мамлакатнинг барқарор тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан бири – экологик хавфсизликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан этиб белгиланди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хайрулло Ғаффоров. – Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ўттизга яқин қонунлар, уч юзга яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.
Тадбирда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА