Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига борган эди.
Ташрифи давомида давлатимиз раҳбари вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишган эди. Жумладан, Нурота туманидаги "Чашма" зиёратгоҳи ёнидаги музей биноси, “Ҳунармандчилик маркази” мажмуаси, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона лойиҳаларини вақтида сифатли амалга ошириш, "Чашма" зиёратгоҳи майдонини кенгайтириш ва ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган эди.
Хўш ўтган давр мобайнида мазкур лойиҳалар ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилди? Давлатимиз раҳбари томонидан берилган кўрсатмалар нечоғли уддаланди?
Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилиш, сайёҳлик, айниқса, ички туризмни ривожлантириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Зеро, тарихни англаш маънавиятни юксалтириш, маданиятни ошириш, айниқса, миллат руҳида фахр туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Навоий вилоятининг Нурота тумани қадимий бой ўтмишга эга, туризм салоҳияти юксак ҳудудлардан биридир. Тумандаги "Чашма" зиёратгоҳи йил давомида сайёҳ ва зиёратчилар билан гавжум. Мажмуада меҳмонларга қулайлик яратиш, ҳудуднинг асл тарихи ва маданиятини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусун, бугунги кунда мажмуа атрофида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Зиёратгоҳ ёнида муҳташам музей биноси, "Ҳунармандчилик маркази" мажмуасини барпо этиш ишлари давом этмоқда. Обида ёнида 50 ўринга мўлжалланган миллий меҳмонхона қад ростлади.
– Меҳмонхонани бунёд этишда ҳудуднинг архитектура тарихи, ўзига хос меъморчилиги пухта ўрганилди, – дейди “Буюк иморат қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нуриддин Арипов. – Қурилиш ишларига республикамизнинг турли ҳудудларидан уста-ҳунармандлар жалб этилди. Масалан, қўқонлик усталар керамика ишлари билан машғул бўлса, шифтларни безашда бухоролик қўлигул усталар меҳнатидан кенг фойдаланилди. Масканда ҳар бир деталга алоҳида эътибор қаратилиб, меҳмонлар учун зарур имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, бинонинг ертўла қисмида спорт зали ҳамда дам олувчи зиёратчиларга намозхона ажратилган. Биринчи қаватда имконияти чекланган сайёҳлар учун махсус хоналар ташкил этилган.
Нурота тумани ҳокими ўринбосари Анвар Жумаевнинг таъкидлашича, "Чашма" мажмуаси атрофини кўркам кўринишга келтириш мақсадида атрофдаги хонадонларнинг маълум қисми бошқа, аҳоли учун қулай ҳудудларга кўчирилмоқда. Тиғиз ва бироз бетартиб уйлар ўрнида 2 ва 3 қаватли турар жой бинолари қурилади. Замонавий кўп қаватли хонадонларнинг 1-қаватида ҳунармандлик расталари ва савдо дўконлари жойлашади. Масалан, 3 қаватли уйнинг юқори қисмида уй-меҳмонхона ташкил этилиши хорижий сайёҳларнинг ўзбек оиласи турмуши, хусусан, Нурота маданияти билан яқинроқ танишиш, миллий таомларнинг тайёрланиш жараёнларини ўрганишига имконият яратади.
Жорий йилда обида ҳудудидаги “Чилустун” ва “Панжвақта” масжидлари реконструкция қилинади. "Чашма"га кириш дарвозаси икки ёнида муҳташам кутубхона ҳамда анжуманлар зали барпо этилади. Мажмуанинг юқори қисмидаги “Нур” қалъаси ўрнида миллий кўринишдаги кузатув майдони жойлашади.
Бугунги тараққиётни барқарор энергиясиз тасаввур қилиш қийин. Энергетика тизимининг сифатли фаолият кўрсатиши ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилаш, иқтисодиётнинг янги тармоқларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳаларнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.
Навоий иссиқлик электр станцияси Қизилқум ер ости бойликларини ўзлаштириш, тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этишда муҳим ўрин тутди. Атиги 25 минг киловатт қувватли станция билан иш бошлаган корхона бугун батамом янги тизимга ўтмоқда. Корхонада иккинчи босқичда 450 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ қурилмаси лойиҳаси амалга оширилаётир. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятлари каби йирик корхоналар, иқтисодиётимизда салмоғи тобора ошиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти айнан шу станцияда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига бевосита боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида ана шу лойиҳа тақдимотида ҳам иштирок этиб, Навоий ИЭС иккинчи буғ-газ қурилмаси қурилиши бошланиши муносабати билан капсула қўйган эди.
Иккинчи буғ-газ қурилмаси Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот” акциядорлик жамияти ва ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 330 миллион куб метр табиий газ тежалади.
Япониянинг “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Навоий иссиқлик электр станцияси ўртасида 2016 йил октябрь ойида мазкур лойиҳани амалга оширишга доир шартнома имзоланган эди. Бугунги кунда қурилиш майдончасида мобилизация ҳудуди, яъни – иккита бетон заводи, офислар, омборхоналар, қурувчи ходимлар учун ошхона, дам олиш хоналари ва бошқа ёрдамчи бинолар тикланди. Асосий ускуналар бино иншоотлари пойдеворларига бетон қуйиш учун тайёрланмоқда. Қурилма 2020 йилда тўла ишга туширилади. Шу кунларда қурилиш майдончасида 870 киши иш билан банд бўлиб, шундан 134 киши чет эллик мутахассислардир. Майдончага 51 дан ортиқ машина ва механизмлар жалб қилинган.
Навоий иссиқлик электр станцияси минтақадаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, маиший-коммунал секторни иссиқлик ва электр энергияси билан таъминловчи асосий манба ҳисобланади. Станцияда 1963 йилнинг февраль ойидан, яъни станция ишга тушгандан жорий йил бошигача қарийб 358 миллиард 265 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шу давр мобайнида истеъмолчиларга 206 миллион 576 минг гигакалория иссиқлик энергияси етказиб берилди.
Станцияда 2023 йилда қуввати 450 мегаватт бўлган навбатдаги учинчи лойиҳани ишга тушириш бўйича техник-иқтисодий ечимлар устида иш олиб борилмоқда. Белгиланган лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгач, станциянинг жами қуввати 2 минг 258 мегаваттга етади.
Корхонада дастлабки 478 мегаватт қувватли замонавий технологияларга асосланган буғ-газ қурилмаси лойиҳаси қурилиши ва уни ўзлаштириш жараёнида орттирилган бой тажриба ҳисобидан мамлакатимиз энергетика тизимидаги бошқа станциялар учун ҳам ходимлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мақсадида станция базасида ўқув маркази ташкил этилмоқда. Корхона раҳбарияти ушбу ўқув марказини очиш, унда дарс берувчи ходимларни тайёрлаш, марказни техник ва дастурий жиҳатдан таъминлаш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда ва унинг молиявий кўмагида иш олиб бормоқда. Ана шу марказда тингловчиларга сабоқ берувчи станциянинг 8 кишидан иборат бир гуруҳ мутахассиси ўтган йилнинг март ойида Японияда бир ойлик ўқув-тренинг курсларида бўлиб қайтди. Тез кунларда яна бир гуруҳ мутахассисларнинг Японияга жўнатилиши режалаштирилган.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 26 январида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан 2026 йилгача қуриладиган янги ишлаб чиқариш қувватларини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш дастурини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Айни пайтда комбинатда 2026 йилгача қиймати 3 миллиард доллар бўлган 27 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Навоий кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади, 30 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.
Энг муҳими, комбинат таркибида янгидан ташкил этиладиган тармоқларнинг барқарор ишлаши учун ҳам энергия таъминоти манбалари зарур. Таҳлилларга кўра, 2026 йилга бориб Навоий кон-металлургия комбинатининг электр энергиясига бўлган талаби 303 мегаваттга ошиб, жами 703 мегаваттга етади. Навоий иссиқлик электр станциясидаги йирик лойиҳалар мазкур ислоҳотларнинг истиқболи учун муҳим бўлади.
Навоий кон-металлургия комбинати таркибидаги йирик лойиҳалардан бири – 5-гидрометаллургия заводини барпо этиш ишлари жадал суратларда давом этмоқда. Умумий қиймати 396 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.
Айни пайтда 700 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган конда баҳайбат экскаваторлар, бурғулаш машиналари, “БелАЗ” русумли 55 тонна юк кўтариш қувватига эга автоағдарғичлардан кенг фойдаланилмоқда. Ғарбий Амантайтау ва Нукракон конларидаги оксидланган рудалар захирасини қайта ишлаш лойиҳаси доирасида Ғарбий Амантайтау ва Узунбулоқ каръерларида кончилик ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2017-2022 йилларда босқичма-босқич Ауминзо-Амантай кони негизида 30 дан ортиқ ўрта ва йирик оксидланган ва сулфидли руда конларини очиш кўзда тутилган. Хуллас, 2023 йилга қадар 5-гидрометаллургия заводида ишлаб чиқариш тўла қувватга чиқади.
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА