Мамлакатимизда уй-жойлар барпо этиш ва ижтимоий-маиший қурилишни жадал ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янгилаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Бунда соҳага замонавий архитектура ечимлари ва илғор технологиялар кенг жорий қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да очилган анъанавий халқаро кўргазмаларда бу соҳадаги энг сара маҳсулот ва хизматлар намойиш этилмоқда. Жумладан, “WorldBuild Tashkent – 2018” кўргазмасида қурилиш ва пардозлаш материаллари, уларни ишлаб чиқаришдаги илғор технологиялар ҳамда “AquaTherm Tashkent – 2018” кўргазмасида иситиш, ҳаво тозалаш ва совутиш тизимлари, сув таъминоти, сантехника, сунъий ҳовузлар, қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари тақдим қилинаётир.
Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда илғор хорижий тажриба, архитектура ва дизайн соҳасидаги ютуқлардан, шунингдек, инновацион дастурий ечимлардан фойдаланган ҳолда шаҳарсозлик лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида янги саноат ва ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар бунёд этилмоқда. Инвестиция муҳити яхшиланиб, ишлаб чиқариш ҳар томонлама рағбатлантирилаётгани соҳадаги халқаро ҳамкорликка кенг йўл очмоқда.
Ушбу кўргазмаларда Германия, Италия, Туркия, Швейцария, Швеция, Финляндия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Қозоғистон каби жаҳоннинг 24 мамлакатидан келган савдо ва саноат ташкилотлари, қурилиш компаниялари, иситиш тизимлари учун мосламалар, хомашё ва бутловчи қисмлар етказиб берувчи 170 дан зиёд фирма ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этмоқда.
– Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ривожланаётгани хорижий компанияларни мамлакатингизда ўз фаолиятини йўлга қўйишга ундамоқда, – дейди “Consmos” компанияси бош менежери Зҳанг Шаолонг (Хитой). – Компаниямиз пол ва шифт учун турли ёғоч қопламалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотларимиз Америка, Европа, Жанубий Осиё давлатларига экспорт қилинади. Кўргазма доирасида ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик юзасидан музокара олиб боряпмиз. Мамлакатингизнинг географик жойлашуви, транзит имкониятларини инобатга олган ҳолда келгусида истиқболли шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз.
– Италиялик ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистонни савдо бўйича муҳим шерик, деб билади, жумладан, бизнинг компания ҳам, – дейди “Novacolor” (Италия) компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Саидакмал Шоабдужалилов. – Корхонамиз қуруқ қурилиш қоришмалари, сувоқ материаллари ишлаб чиқаради. Анъана тусини олган ушбу кўргазмада илк бор ўтган йили 10 турдаги маҳсулот билан қатнашган эдик. Натижада Ўзбекистонда доимий фаолият юритадиган дистрибютерлик маркази фаолиятини йўлга қўйдик. Жорий йил 30 турдаги маҳсулотимиз билан иштирок этмоқдамиз.
Мамлакатимиз иқлим шароити иссиқлик таъминоти, ҳаво совутиш ва сув етказиб бериш бўйича самарали муҳандислик ечимларини жорий этишни тақазо қилади. “AquaTherm Tashkent – 2018” еттинчи халқаро кўргазмаси ана шу масалага бағишланган.
– Компаниямизнинг энг яхши ишланмаларини тақдим қилмоқдамиз, – дейди “Navien Energy” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича савдо раҳбари Юрий Чо (Жанубий Корея). – Кўргазмада энергия тежайдиган, қуёш батареялари ёрдамида ишловчи самарали иситиш тизимларини тақдим этдик. Ўзбекистонда шу соҳада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнида иштирок этишни режалаштирганмиз.
Кўргазма доирасида соҳада юқори самарадорликка эга технологияларни жорий этиш бўйича тақдимот ва семинарлар ўтказилади.
Улуғбек Шоназаров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА