Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий драматургиянинг долзарб масалалари муҳокамаси
2018-02-28 | Жамият
Пойтахтимизда "Миллий драматургия: муаммо ва ечимлар" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Маданият вазири Б.Сайфуллаев, Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги драматургия кенгаши раиси Ш.Ризаев ва бошқалар мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида миллий драматургияни давр талаби даражасида равнақ топтириш доимий эътиборда турганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифлари чоғида театрлар фаолияти билан яқиндан танишиш, биноларини реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, энг замонавий саҳна жиҳозлари, техник ускуналар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда юрт равнақи йўлида самарали ва фидокорона меҳнат қилаётган, ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатувчи замон қаҳрамонларини самимий, ёрқин, ҳаётий образлар орқали акс эттирадиган, томошабинлар қалбидан жой олувчи бадиий баркамол саҳна асарларини яратадиган ижодкорлар, театр фидойилари, драматург ва режиссёрлар, саҳна рассомлари ва ижрочиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш борасида тизимли амалий чора-тадбирлар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.
Мухлислар Абдулла Қаҳҳорнинг "Тобутдан товуш", Саид Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони", Эркин Воҳидовнинг "Олтин девор", Ўлмас Умарбековнинг "Қиёмат қарз", Шароф Бошбековнинг "Темир хотин" каби қатор асарлари асосида яратилган спектакллар режиссёрлар билан адиблар ўртасидаги ижодий ҳамкорликнинг юксак самараси эканидан яхши хабардор.
Бугун халқимизга етук, бадиий мукаммал асарларни тақдим этиш учун барча шароит ва имконият яратилгани ҳолда аксарият театрлар репертуарини талаб даражасида, дейиш мушкул. Бу драматурглар билан режиссёрларнинг ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани билан бевосита боғлиқдир. Янги спектакллар яратишда қалами ўткир ижодкорларнинг салоҳиятидан кенг фойдаланиш, янги саҳна асарини тайёрлашга театр жамоаси, олимлар, ёзувчиларнинг фикрига таяниб ёндашиш, олий таълим даргоҳларини тамомлаётган ёшларни театрларга кенгроқ жалб этиш зарур.
Манба: ЎзА