Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Инновацион ғоялар, технология ва лойиҳалар намойиши

2018-02-28 | Жамият

Мардон Холмирзаев Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг учинчи курс талабаси. У танлаган соҳаси бўйича билимини мустаҳкамлаш баробарида илмий изланишлар билан шуғулланмоқда. Автоматик суғориш қурилмаси Мардоннинг шундай уринишлари самарасидир.

Қурилма экинларни суғоришда сувни ортиқча исроф қилишнинг олдини олишга ёрдам беради. Ундаги автоматик бошқарув сабабли далада иш кучи талаб этилмайди. 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасида ўтказилган “Инновацион ғоялар, технология ва лойиҳалар” кўрик-танловида иқтидорли талаба-ёшлар қаторида Мардон Холмирзаев ҳам ўзи яратган қурилма лойиҳаси билан иштирок этди. 

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан кўрик-танлов ва маҳорат дарсларини ўзида жамлаган инновацион ярмаркага олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, хорижлик мутахассислар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди. 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ҳодиев, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари У.Бегимқулов, инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари А.Умаров ва бошқалар Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим омиллардан бўлган инновацион ғоялар, технология ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ижобий натижа беришини таъкидлади. 

– Иқтисодиётнинг глобаллашуви илм-фан ва инновациялар билан боғлиқ. Бунинг учун эса ички имкониятларни ишга солган ҳолда, иқтидорли ва креатив мушоҳада қиладиган талаба-ёшларни кашф этиш механизмини такомиллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади, – дейди академик Қ.Абдураҳмонов. – Бугунги кунда инсониятнинг технологияларга эҳтиёжи шиддат билан ўсиб бормоқда. Шу мақсадда ташкил этилган кўрик-танлов иштирокчилар учун ўз инновацион бизнес ғоялари, лойиҳалари ва ишланмаларига кенг йўл очишга хизмат қилди. 

Танловда Тошкент шаҳридаги 12 олий ўқув юртининг иқтидорли талабалари иштирок этди. “Энг яхши инновацион бизнес ғоя ва лойиҳалар”, “Энг яхши инновацион АКТ ва ишланмалар” ҳамда “Энг яхши инновацион техника ва технологиялар” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

– “Энг яхши инновацион техника ва технологиялар” номинацияси ғолиби бўлдим, – дейди И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали учинчи курс талабаси Азизжон Ширинбоев. – Унда “Нефть-газ қудуқларига ишлов берувчи кислотали эритма” мавзуидаги лойиҳа билан қатнашдим. Устозим Абдулла Мағрупов кўмагида бу лойиҳа учун амалга оширилган 63 хил лаборатория ишларининг ҳар бири 60-120 маротаба бажарилди. Мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ этилса, конлардан газ қазиб чиқариш ҳажмини икки баравардан тўрт мартагача ошириш имконини беради. 

Инновацион ярмарканинг иккинчи қисмида мамлакатимизда йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириб келаётан бизнес вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Унда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Д.Азимов, юртимиздаги қатор компанияларнинг раҳбар ва мутахассислари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться