Маълумотларга кўра, 2017 йил мобайнида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 14 минг 127 та мурожаат, ариза, таклиф ва шикоят келиб тушган. Уларнинг 91,9 фоизи ижобий ҳал этилиб, етказилган 4 миллиард 397 миллион 410 минг сўмлик зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов билан суҳбатида шу каби масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Бозор муносабатлари шароитида ҳар бир инсон истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга эҳтиёж сезади, – дейди Ж.Саримсоқов. – Бу тушунча узоқ тарихга эга. Тўғри, яқин ўтмишда истеъмолчи ҳуқуқи иккинчи даражага тушиб, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар манфаати устувор саналган даврлар ҳам бўлган. У пайтларда истеъмолчининг суд ҳимояси ҳам амалда мавжуд эмас эди. Бугун вазият бошқача. Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. 1996 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташкил этилди.
Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаб, бу борадаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилади. Қонунчиликда белгиланган тартибда ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига риоя этишни таъминлаш мониторингини ўтказади. Бундан ташқари, аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга доир маърифий ишларни олиб боради.
Ҳозир федерация тизимида 14 та ҳудудий бирлашма, 195 та туман, шаҳар жамияти фаолият кўрсатмоқда. Юртимиздаги турли корхона, ташкилот ва муассасаларда 6091 та таянч гуруҳи ташкил этилган бўлиб, федерация аъзолари 520 минг 181 нафарни ташкил этади.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман ва шаҳар жамиятлари ижро аппаратлари раисларининг аҳоли билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали тизимини жорий қилиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиниши устидан тизимли мониторинг ҳамда назоратни амалга ошириш мақсадида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди. Уларга аҳоли билан бевосита ишлаш учун етарли билим, ташкилотчилик, мурожаатларни таҳлил қилиш кўникмасига эга бўлган тажрибали мутахассислар бириктирилди. Ҳуқуқий маслаҳатхоналарга 5 минг 182 мурожаат келиб тушди. Мурожаат эгаларига қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқлари тушунтирилди. Давлат ва назорат органларига, суд органларига мурожаат қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали федерация ва унинг ҳудудий ижро органларига истеъмолчилардан келиб тушган 508 та мурожаатдан 505 таси ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 80 миллион 353 минг 950 сўм қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Ўтган йилда аҳолини иш билан таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали янги иш ўринларини яратиш мақсадида қатор истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Ана шундай лойиҳалар доирасида федерациянинг моддий ва амалий кўмагида ўнга яқин тадбиркорлик субъекти иш бошлади. 2018 йилда федерация томонидан “Энди мен ҳам тадбиркорман” лойиҳаси доирасида тадбиркорликка илк қадам қўяётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кредит олишида кафил бўлиш ҳамда истиқболли бизнес ғояларига маблағ ажратиш режалаштирилган.
Халқимизнинг турмуш даражаси, дунёқараши 10-15 йил илгариги ҳолатдан кескин фарқ қилади. Аммо ҳанузгача сифати паст товарлар сотиш, талабга жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш ҳолатлари учрамоқда. Ачинарлиси, ҳатто инсон саломатлиги ва ҳаётига хавф солувчи товарлар ҳам истеъмол бозорига кириб келмоқда. Бунга “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги “Ўрикзор” бозорида ўтказилган тадбир натижалари мисол бўла олади. Сотувдаги болалар ўйинчоқларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида олинган намуналар текширилганда уларда болалар саломатлигига жиддий хавф соладиган заҳарли моддалар борлиги аниқланди.
Федерациянинг халқаро ҳамкорлиги ривожланмоқда. Вьетнам, Озарбайжон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия билан алоқалар йўлга қўйилган.
Истеъмол маданиятини умумий маданиятнинг бир шакли сифатида тушуниш лозим. Жаҳон тажрибасидан кўриш мумкинки, давлат томонидан қонунлар ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда истеъмолчилар манфаатларини ҳимояловчи нормалар белгиланиши, махсус ваколатли идоралар ташкил этилишининг ўзи кам. Яъни бош манфаатдор шахс – истеъмолчи фаоллик қилмаса, муаммолар барҳам топиши қийин.
Мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини таъминлашга қаратилган мустаҳкам қонунчилик тизими яратилган. Истеъмолчи товарнинг номи, баҳоси, асосий хусусиятлари, ким томонидан, қаерда ишлаб чиқарилгани, фойдаланиш тартиби ва шартлари каби ўзини қизиқтирган барча маълумотларни сотувчидан сўраб, билиб олишга ҳақлидир. Истеъмолчи маданияти аввало қонунни билишни ва уни қўллай олишни талаб этади. Шундай экан, ёшларимизда ушбу кўникмаларни шакллантириш учун таълим муассасалари дастурларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича махсус курслар киритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.