Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Манасдаги ишлар Жомда акс-садо берди
2018-02-27 | Жамият
Кейинги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда энг кўп тилга олинган, муҳокама этилган мавзу бу – Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида бошланган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизим – “Обод қишлоқ” дастури бўйича бошланган ишлар наинки манасликлар, балки юртимизнинг барча қишлоқларида яшовчи аҳолининг кайфиятини кўтариб, уларни ҳам бунёдкорликка чорламоқда. Маҳаллий ҳокимликлар, секторлар раҳбарлари эса ўз ҳудудларидан муаммолари кўп бўлган, шароити оғир қишлоқларни танлаб, уларни намунали масканга айлантиришга киришмоқда.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳам ушбу ташаббусдан руҳланиб, Нуробод туманининг олис Жом қишлоғида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини бошлади.
Жом нафақат Нуробод тумани, балки юртимизнинг энг қадимий, йирик аҳоли масканларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда “Жом” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 6 маҳаллада 30 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.
Ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мазкур ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг ҳолатини ўрганиб, халқ билан мулоқот уюштирди. Қишлоқда мавжуд муаммоларни ўрганди. Шу асосида дастур тузилиб, дастлабки босқичда Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларини обод масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Куни кеча Жом қишлоғида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ҳамда барча секторлар раҳбарлари, туман, шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, вилоятдаги бошқарма, идоралар, жамоат ташкилотлари бошлиқлари иштирокида ушбу лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
– Тегишли соҳалар мутахассислари хулосалари, қишлоқ аҳолисининг таклиф ва истаклари асосида ишлаб чиқилган дастурга кўра, икки маҳаллада замонавий маҳалла марказлари, “Нуронийлар маскани” ва чойхона, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилади, – дейди Самарқанд вилояти архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Н.Содиқов. – Ҳудуддаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази атрофида замонавий истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа иншоотлар бунёд этилади. Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинади. Қишлоқ ҳудудидаги 5,4 километр йўлга асфальт ётқизилади, 22 километр ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланади. Ҳозирда йўл қурилиши корхоналари томонидан зарур техника воситалари ва ишчи кучи жалб этилиб, бу ишлар бошлаб юборилди. Бундан ташқари, қишлоқ ҳудудидаги касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ҳам таъмирланади.
Жомдаги энг муҳим масалалардан бири – аҳоли хонадонларида замонавий турмуш шароити яратиш, коммунал соҳалардаги муаммоларни бартараф этишдан иборат. Шу мақсадда Жом маҳалласидаги 1 минг 65 ва Гирдиқўрғондаги 757 хонадоннинг ҳолати ўрганилиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгиланди. Аввало, барча уйларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш чоралари кўрилмоқда. Хонадон эгаларига уй-жойни замон талаблари даражасида таъмирлаш учун лойиҳалар тақдим этилди. Бу ишга имконияти етмайдиган оилаларга вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, бир қатор бошқарма ва идоралар, тадбиркорлар ҳомийлик ёрдами кўрсатадиган бўлди. Қишлоқ ҳудудидан ўтувчи сой бўйида қурилган ўттизга яқин ноқонуний қурилишлар бошқа жойга кўчирилади.
Уй-жойи бўлмаган ўндан ортиқ оила учун замонавий уй-жой қуриб берилади. Шунингдек, 200 дан ортиқ оилага газ плитаси ва бошқа уй-рўзғор буюмлари совға қилинади.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилади. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур ташлаш режалаштирилган. Қишлоқ аҳолисининг тарқоқ жойлашгани ва электр тармоқлари пала-партиш тортилгани туфайли бу борада ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилади ва янги тармоқлар тортилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1000 га яқин симёғоч ўрнатилиши кўзда тутилган. 15 та замонавий, кичик трансформатор қўйилади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 4 минг 500 дан ортиқ хонадоннинг 2 минг 400 таси газ баллони билан таъминланган ва белгиланган муддатларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Ҳудудда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳа доирасида барча хонадонлар газ баллонлари билан таъминланади. Газ баллонларини ўз вақтида тўлдириб келиш учун Жом қишлоғи учун алоҳида транспорт воситаси ҳам ажратилди.
– Бир ҳафта давомида қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 2 минг 700 дан ортиқ хонадонга кириб, аҳоли билан суҳбатлашдик, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари М.Бобоёров. – Ушбу мулоқотлар давомида 2000 дан ортиқ муаммо қайд этилиб, уларнинг 430 таси тегишли соҳалар мутасаддилари томонидан жойида ҳал этилди. Бошқа масалаларнинг ҳар бири юзасидан ҳам аниқ вазифалар, масъуллар белгиланиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 30 нафар кекса, ногиронлиги бўлган шахслар, эҳтиёжманд оилалар вакилларининг фуқаролик паспорти алмаштирилди. Олти маҳалланинг ҳар биридан 10 кишидан, жами 60 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.
Лойиҳани амалга ошириш давомида ҳудуддаги аҳолининг барча қатлами малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шу мақсадда айни пайтда вилоятдаги етакчи тиббиёт марказларининг 30 дан ортиқ малакали мутахассислари жалб этилиб, Жом қишлоқ оилавий поликлиникасида ушбу жараён бошланган.
– Бизда баҳор Жомнинг қир-адирлари ям-яшил либосга бурканиши билан бошланади, – дейди “Нуроний” жамғармаси Нуробод тумани бўлими раиси А.Шарипов. – Айни чоғда кенг далаларда баҳор нафаси уфурмоқда. Лекин бу йилги кўклам жомликлар қалбидаги илиқлик, нафақат эртанги, балки бугунги кунига ишонч билан бошланди. Қишлоқдаги улкан бунёдкорлик ишлари халқимиз кайфиятини кўтариб юборди. Бугун туну кун қишлоқда ҳаёт қайнамоқда. Транспорт воситалари тугул, одамлар яёв юришга қийналадиган кўчаларда қудратли техникалар ишлаяпти. Олис қир бағридаги уйда ҳам замонавий турмуш шароити яратилмоқда, чироқ порлаб турибди. Йўллардан ободлик бошланиб, хонадонларга кираётир. Бугун катта-ю кичик ҳашарга отланган. Ўз хонадони, қишлоғи кўркамлиги учун ҳаракат қиляпти. Одамларни ҳаракатга чорлаган, халқимизни уйғотган ташаббусдан барчамиз хурсандмиз.
Манба: ЎзА