Янги қарор. Пахтасаноат илмий маркази фаолияти тубдан такомиллаштирилади
“Пахтасаноат илмий маркази” акционерлик жамияти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграмдаги расмий канали хабар қилди.
Қарорга асосан “Пахтасаноат илмий маркази” АЖнинг асосий йўналишиларидан бири сифатида соҳадаги долзарб илмий масалаларни ҳал этиш, пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлашда илмий-техник ва инновацион фаолиятни амалга ошириш белгиланмоқда.
Шунингдек, 2018-2020 йилларда республикада пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлашнинг техника ва технологиясини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурга мувофиқ, шу жумладан “Пахтасаноат илмий маркази” АЖнинг лаборатория-синов базалари модернизация қилинади, уруғлик пахта чигитини тайёрлаш технологияси, пахта хом ашёсини қабул қилишда унинг сифат кўрсаткичларини таъминлаш тизими ва воситалари такомиллаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзпахтасаноат” АЖга икки ой муддатда “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ фаолиятини тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилган эди.
Манба: ЎзА