Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адлия вазири: Қоғозбозликка чек қўйдик

2018-02-27 | Жамият

Давлат идоралари ходимларини ҳамон бир нарса, яъни қоғозбозлик иллати қийнаб келади. Нафақат юқори идораларга, балки бир-бирига ҳисобот жўнатиш, аслида натижаси бўлмаган рақамларни қайд этиб, бир-бирини алдаш “анъанаси” ҳамон учраб турибди.

Бундан бир ой муқаддам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида айнан шу масала танқид остига олинган эди. “Ҳуқуқий тарғиботга оид ҳисоботлардан ўрин олаётган рақамларни кўрган одам қўрқиб кетади. Қани бунинг натижаси?” деган ҳақли савол ўртага қўйилган эди. Хўш, йиғилишда тилга олинган шу ва соҳага оид бошқа камчиликлар бартараф этилдими? Ёки бу йиғилиш ҳам оддий мажлисбозликдан биттаси бўлиб қолдими? 
ЎзА мухбири бу саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетовга мурожаат қилди:
 
— Адлия органлари фаолиятида кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга такроран йўл қўймаслик бўйича “йўл хариталари” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.
 
Қоғозбозликка чек қўйиш мақсадида доимий назоратда бўлган топшириқ хатлар хатловдан ўтказилди. Натижада ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотган 27 топшириқ хати бекор қилинди. Вазирлик билан барча адлия органлари ўртасидаги ёзишмалар тўлиқ электрон тизимга ўтказилди. 
 
Статистик ҳисоботлар соддалаштирилди, уларни тақдим қилиш муддатлари қисқартирилди ва уларни қабул қилиш тўлиқ электрон тизимга ўтказилди. Ҳисоботларни тақдим қилиш бўйича адлия органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги оширилди. Бу борада такроран масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдор шахслар интизомий жазо чораси қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
 
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, шу жумладан уларга ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.
Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқларда (“Facebook”, “Instagram”, “Twitter”, “Odnoklassniki”, “Vkontakte”, “Youtube”) саҳифалари мавжуд бўлиб, кейинги 4 ой ичида уларга 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.
 
“Facebook”даги “Адлия билан мулоқот” саҳифасининг ҳозирда 7,5 минг нафардан ортиқ аъзоси бор. Мазкур саҳифа бевосита фуқаролар билан мулоқот қилиш платформасига айланиб улгурди. “Халқ билан мулоқот” гуруҳи Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан бошқариб бориляпти. Бу саҳифа энг йирик лойиҳалардан бири бўлиб, 125 минг аъзосига эга.
 
“Telegram” мессенджеридаги “Huquqiy axborot” каналининг эса 80 минг аъзо бор. Ушбу канал орқали 2,5 мингдан ортиқ ҳуқуқий ахборот тарқатилди. 
 
“Ҳуқуқий ахборот” видеоблоги ташкил этилиб, унда адлия ходимлари томонидан янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти кенг оммага етказилмоқда. Ҳозирги кунга қадар унинг 12 сони тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилди. 
 
Шу билан бирга, аҳолига маълумотларни етказишда брошюра, флайер ва ижтимоий роликлардан кенг фойдаланилмоқда.
 
2018 йил 21 февраль куни Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш йиғилиши ўтказилди. Унда мазкур кенгаш фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар ҳамда аҳолини ҳуқуқий онгини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар атрофлича муҳокама этилди. Жумладан, йиғилишда аҳолининг аниқ тоифаси учун (ёшлар, пенсионерлар ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳ.к.) “Манзилли ҳуқуқий тарғибот” лойиҳасини амалга ошириш, маҳаллаларда “Ҳуқуқий ахборот куни”ни ташкил этиш, бунда аниқ бир кунда олдиндан келишилган йўналиш бўйича малакали мутахассислар томонидан аҳолига ҳуқуқий тушунтиришлар берилишини таъминлаш каби масалалар ҳамда аҳолини ҳуқуқий онгини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. 
 
Бундан ташқари, турли муаммоли масалалар, хусусан, миграция, моддий ёрдам, ер олиш, уй-жой олиш, коммунал масалалар, имтиёзлар, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқа масалалар бўйича ҳуқуқий ахборотни буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига етказиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
 
“Facebook” ижтимоий тармоғида барча ҳудудий адлия органларининг алоҳида саҳифаси очилди. Улар орқали аҳоли билан мулоқот доираси кенгаймоқда. 
“Telegram” мессенджеридаги “Huquqiy axborot” каналининг қорақалпоқ тилидаги шакли ҳам ишга туширилди.
 
Нотариал идоралар, ФҲДЁ органлари, давлат хизматлари марказлари ходимларининг асосий вазифаси аҳолига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш ҳисобланади. 
 
Шу сабабли уларни ортиқча табирларга ва самарасиз йиғилишларга жалб қилмаслик бўйича тегишли чоралар ҳам кўрилмоқда.
 
Нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари ходимлари учун тарғибот режаларини тасдиқлаб бериш амалиётига чек қўйилди.
 
Адлия вазирлигининг 2018 йил 27 январдаги ҳайъат қарорига асосан ҳар бир адлия ходими томонидан келгусидаги иш фаолиятида “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга қатъий ва оғишмай амал қилиниши белгиланди.
 
Адлия ‒ одамлар билан энг кўп мулоқот қиладиган, турли йўналишда давлат хизматлари кўрсатадиган, уларни ҳуқуқий тафаккурини юксалтиришга ҳисса қўшадиган вазирлик ҳисобланади. Шу боис халқ билан ҳамнафас бўлиш учун туну-кун изланишдамиз. Хоҳ ижтимоий тармоқда бўлсин, хоҳ энг чекка, интернет етиб бормаган қишлоқлардаги инсонларнинг хонадонларида бўладими барча билан ҳамнафас бўлишга, сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Одамлар биздан рози бўлишлари учун бор имкониятлардан фойдаланаяпмиз.
 
Жорий йил март ойида ўтказилиши белгиланган “адлия сайли”нинг асл мақсади ҳам шу. Унда малакали мутахассислар ҳамда адвокатлар томонидан фуқароларга бепул маслаҳатлар берилади. Ушбу тадбир кейинчалик ҳам доимий равишда амалга оширилади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться