Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ADWEEK ҳафталиги–ягона маърифий ва мулоқот майдони
2018-02-27 | Жамият
Миллий матбуот марказида ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги бошланиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур ҳафталик “Миллий маркетинг маркази” корхоналар уюшмаси томонидан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Д.Азимов, “Миллий маркетинг маркази” корхоналар уюшмаси бошқаруви раиси Д.Мирзааҳмедов, Россиянинг “Khisam Communications” компанияси раҳбари Т.Хисамов ва бошқалар Ўзбекистонда маркетинг соҳасини, айниқса, рекламани ривожлантириш, бу йўналишда фаолият кўрсатаётган мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга назарий ва амалий кўмак бериш борасидаги чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.
Анъанавий ўтказилаётган маркетинг ва реклама ҳафталиги ўзига хос мулоқот майдони ҳисобланади. У маркетинг мутахассисларини бирлаштиришга, мавжуд брендларни, маркетинг лойиҳаларни яратиш ва реклама кампанияларини ишлаб чиқишга туртки беради.
– Ҳафталик иштирокчилари реклама воситаси орқали бизнес юритишнинг фойдали жиҳатлари, миллий рекламани ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқа кўплаб мавзулар бўйича фикр алмашади, – дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Д.Азимов. – Улар маҳаллий ва хорижий экспертларнинг фикрларини тинглаш билан бир қаторда катта муваффақиятга эришган чет эллик маркетинг мутахассислари билан мулоқотда бўлиб, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади. Шу маънода, ҳафталик янги мулоқотлар ўрнатиш, интеллектуал мунозараларда иштирок этиш ва ғоялар алмашуви учун жуда қулай имкониятдир.
Ҳафталик доирасида маркетинг конференцияси, маркетинг ва реклама кўргазмаси, ADWEEK реклама танлови ҳамда инновацион ярмарка, workshop ва панелли мунозараларни ўтказиш режалаштирилган.
Манба: ЎзА