Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупция–тараққиёт кушандаси
2018-02-27 | Жамият
Кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришга қонун устуворлигини, фуқаролар ҳамда мансабдор шахсларининг қонун олдида тенглигини таъминлаш орқалигина эришилади. Ҳар бир одамнинг ҳуқуқий маданияти, жамиятда қонун устуворлиги бу мақсадга эришишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Хўш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга нималар халақит бермоқда? Одамларнинг ҳуқуқий маданияти қай даражада?Мамлакат тараққиёти кушандаси – коррупцияга қарши курашишнинг бугунги аҳволи қай даражада?
Жиззахда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунини тарғиб қилишга бағишланган йиғилишда шулар ҳақида сўз борди.
Вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик”, “коррупцияга қарши курашиш”, “манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчаларнинг аниқ ва тўлиқ баён этилгани таъкидланди. Бу тушунчаларни ҳар бир фуқаро билиши учун аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муносабатини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жиноятни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
– Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунини аҳолига кенг тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарур, – дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Н.Камолова. – Режалаштирилган тарғибот тадбирларини ўтказишда жамоат ташкилотлари фаол иштирок этиши яхши самара беради. Бугунги кунда уларнинг сони ҳам, куч ва имкониятлари ҳам етарли. Яна бир муҳим жиҳат, ҳуқуқий мавзудаги тадбирларни ташкил этиш режалаштирилгани учун эмас, одамларга фойдали бўлишини ҳисобга олиб, тадбирларни юқори савияда ўтказиш керак.
Фуқароларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича хабардорлиги ва ҳуқуқий онгини оширишда давлат ва НТТлар ўзаро ҳамкорлиги механизмлари ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлашда оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари вакиллари ўртасида ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш юзасидан таклифлар билдирилди. Тадбирда коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар, 2018 йилда идора ва ташкилотларда коррупциянинг олдини олиш бўйича белгиланган амалий чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Манба: ЎзА