Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Root Extract маҳсулотлари Ҳиндистон бозорини забт этмоқда
2018-02-26 | Иқтисодиёт
Мамалакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси Ўзбекистондаги Root Extract хусусий корхонаси асосчиси К.Ниязовнинг Ҳиндистонга хизмат сафарини амалга оширишга кўмаклашди.
2014 йилда ташкил этилган Root Extract МЧЖ қизилмия илдизини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида ушбу ўсимлик экинзорлари ва қайта ишлаш қувватлари мавжуд. Корхона асосчиси Козим Ниязов сўзларига кўра, бугунги кунда маҳсулотни қайта ишлаш жараёнига инновацион ғояларга асосланган сўнгги технологиялар жалб қилинмоқда.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Ҳиндистон истеъмол бозорига олиб кириш, бу борада йирик ҳамкорлар билан узоқ истиқболга мўлжалланган алоқалар ўрнатиш мақсадида жорий йилнинг 19-23 февраль кунлари Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси билан ҳамкорликда корхона раҳбарининг Ҳиндистонга сафари амалга оширилди.
Ташриф давомида “Ҳиндистон-МДҲ” Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, Dabur India Limited, Nature & Nurture Healthcare, La Fresh Fruits ва бошқа ҳинд компаниялари билан музокаралар ташкил этилди.
Олиб борилган музокаралар натижасида Root Extract хусусий корхонаси томонидан 2018 йилда Ҳиндистон бозорига 600 минг АҚШ доллари қийматида қизилмия маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. Томонлар ҳамкорлик кўламини босқичма-босқич кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Хусусан, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан бирга Ўзбекистонда қизилмиядан доривор маҳсулотлар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, учрашувлар давомида Ҳиндистон ва жаҳон бозорида 120 йиллик улкан тажриба ва мустаҳкам ўринга эга бўлган Dabur India Limited кўп тармоқли компанияси раҳбари яқин муддатларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, диёримиздаги инвестиция имкониятларини яқиндан ўрганиш, Root Extract корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш истагини билдирди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги