Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Истиқболли лойиҳалар – келажак пойдевори

2018-02-26 | Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди.

Ушбу ташрифдан сўнг вилоятда қандай ўзгаришлар рўй бергани, аҳоли кайфияти, турмуш фаровонлиги қай даражада юксалгани аниқ таҳлилларда намоён бўлмоқда. 

Мамлакатимизнинг олтин сандиғи ҳисобланган вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва енгил саноат изчил ривожланмоқда. 

Президентимизнинг ўтган йилги вилоятга ташрифи Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласидан бошланган эди. Вилоятда енгил саноатни ривожлантириш, кончилик, энергетика, илм-фан, ишлаб чиқариш ҳамда туризм бўйича қатор лойиҳаларни кўздан кечирди. Хўш, мазкур тақдимотлардаги лойиҳалар ижобати ҳаётда қай даражада ўз аксини топди? 

Дарҳақиқат, Навоий вилоятида ҳам пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва жаҳон стандартлари талабига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд. Хусусан, “Бахт текстиль”, “Брайт Навоий текстиль”, “Тошработ текстиль” ва “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Қизилтепа туманидаги “Тошработ текстиль” масъулияти чекланган жамияти йилига 6 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада кластер усулидан кенг фойдаланилмоқда. 500 янги иш ўрни яратилган фабрикада йилига 6-6,5 миллион долларлик тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилиб, асосан экспортга йўналтирилади. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонанинг 2-босқичи ишга туширилгач, яна 500 киши доимий иш ўрнига эга бўлади. 

Тумандаги 305 фермер хўжалигининг 8 минг 713 гектар пахта майдони Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Бахт текстиль” Ўзбекистон – Россия – Лихтенштейн қўшма корхонасига бириктирилди. 

– Корхонамизда ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлган замонавий технологиялар ўрнатилган, – дейди корхона раҳбари Фурқат Турсунов. – Бунинг натижасида экспортбоп сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбари ўтган йил март ойида вилоятга ташрифи давомида туманда пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди. Дастлаб, корхонамиз 2 минг гектар пахта майдонига эга эди, айни пайтда тасарруфимиздаги ер майдони 4 баробар кенгайди. Туман миришкорлари билан тузилган шартнома режаси 110 фоизга бажарилгани кластер усулининг янада истиқболли эканини исботлади. Ерни шудгорлашдан тортиб, уруғ қадаш, ишлов ва ўғит бериш, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, ўсимлик ва ҳашаротларга қарши дори воситалари билан таъминлаш, ўз вақтида озиқлантириш ва суғориш ишлари мониторинги юритилди. Тизим ўзини оқлади. Бунинг учун 42 нафар тажрибали мутахассис иш билан таъминланди. 

Тумандаги “Янги аср” наслчилик фермер хўжалигида минг бош қорамол ва минг бош эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ҳамда сутни қайта ишлаш заводи ташкил этиш борасидаги амалий ишлар дастлабки натижаларини бера бошлади. Лойиҳа қиймати 18 миллиард сўм бўлган ушбу мажмуа учун 510 гектар ер майдони ажратиш, йилига 6 минг тонна сутни қайта ишлаш ва 150 тонна гўшт тайёрлаш белгиланган эди. Бу ерга Германиядан 400 бошга яқин наслли сигир келтирилди. Натижада 40 киши ишли бўлди.

– Шинам ва замонавий кўринишдаги мажмуа чорвачиликни ривожлантириш учун барча талабларга жавоб беради, – дейди фермер хўжалиги раиси Жобир Темиров. – Айни пайтда соғин залининг қурилиш ишлари якунига етмоқда. Мазкур бўлим Туркиядан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланмоқда. Навбатдаги, сутни қайта ишлаш цехи ишга тушгач, 12 турдаги сифатли маҳсулотлар тайёрланади. Наслчилик ишлари ҳам алоҳида эътиборга олинган. Жумладан, бўрдоқичилик борасида ҳам тизимли режалар ишлаб чиқилган. 2019 йилда бу ерда 500 бош наслли эчки парваришини йўлга қўймоқчимиз. Энг асосийси, кўзда тутилган лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгач, 70-80 нафар аҳоли доимий иш билан банд бўлади. 

Балиқчилик – сердаромад соҳа. Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратилган. Айни пайтда 170 минг гектардан ортиқ табиий ва сунъий сув ҳавзалари мавжуд. 76,1 минг гектар табиий сув ҳавзаси 27 хўжаликка ижарага берилган. 1,2 минг гектар сунъий сув ҳавзасида 172 балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Мазкур хўжаликлар томонидан ўтган ва жорий йил бошига қадар 14,3 минг тонна балиқ овланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган. 

Тўдакўл сув омбори ҳавзасида “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси томонидан Вьетнам технологияси асосида балиқ чавоғи етиштирувчи инкубация цехи барпо этилди. Айни пайтда корхона томонидан мавжуд бинога йилига минг тонна балиқни қайта ишлаш цехини мослаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. 

– 250 тонналик музлаткичли омборхонани барпо этиш, Хитойдан келтирилаётган технологик линияларни ўрнатиш борасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда, – дейди “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси муассислигидаги “Балиқчи-2003” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Илҳом Турсунов. – 400 тонна балиқ филеси ва 350 тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда балиқ котлети тайёрлаш цехлари ташкил этилмоқда. Корхона маҳсулотлари асосан, Туркия, Россия ва Украинага экспорт қилинади. Энг муҳими, цехларда 80 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. 

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи давомида ҳудудда балиқчилик саноатини янада ривожлантириш борасида табиий сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш хусусида тўхталиб, айрим камчиликларни ҳам қайд этган эди. Жумладан, Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш, ушбу ҳавзалардан фойдаланишни тартибга солиш, ноқонуний балиқ овлашга чек қўйиш, бу ерда инкубация цехлари ташкил этиш борасида сусткашликка йўл қўйилгани танқид қилинган эди. 

Бу масалага ижобий ечим топиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Унга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича мамлакатимизнинг барча вилоятларига 14 ҳудуд ажратиб берилди. 

Айдаркўлнинг вилоятга тегишли ҳудудида 5 балиқчилик фермер хўжалиги фаолият юритаётир. Улар томонидан 2017 йилда 330 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилган. Мазкур сув ҳавзасида ноқонуний балиқ овлаш билан шуғулланган браконьерларга қарши курашиш мақсадида Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан 2017 йилда 3 марта рейд ўтказилган ва “уддабурон” браконьерларга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилган. Қайиқ, балиқ овлаш тўрлари ва ноқонуний овланган балиқ маҳсулотлари мусодара қилинган. 

Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифидан сўнг янги лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш борасида муайян ишлар бажарилди. Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. 
 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться