Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шайхулислом Оллоҳшукур ПОШШОЗОДА: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни янада юксак марраларга элтувчи муносиб раҳбар

2018-02-23 | Жамият

Ўзбекистон бутун ислом олами учун муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган муқаддас юрт сифатида дунёда шуҳрат қозонган. Ислом дини гарчи Арабистонда қарор топган бўлса-да, у ўзбек заминидан қувват олганини дунё мусулмонлари якдил эътироф этишади. Қадимдан Самарқанду Бухоро шаҳарларидаги мадрасаларда диний ҳамда дунёвий фанлардан бирдек сабоқ берилгани боис бу ерга келиб ўқишни ислом олами ёшлари орзу қилишган. Тошкент, Термиз, Насаф каби шаҳарларда ҳам илм-фан, маънавият ва маърифат, адабиёт, санъат илоҳиётшуносликка йўғрилган ҳолда гуркураб ривожлангани ҳақида тарихий маълумотлар гувоҳлик беради.

Маълум бир вақтлар оралиғида эътиқоду имон синовдан ўтиб туриши рад этиб бўлмас ҳақиқат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ислом дини собиқ шўро расмийларининг тазйиқларига учраб, айрим дин пешволарининг атеизм деган фан билан шуғуллана бошлаганлари ҳам бор гап. Ўшандай мураккаб пайтларда ҳам Ўзбекистонда, хусусан, Бухоро, Тошкент шаҳарларида ўзбек уламолари бир қатор диний мактабларни сақлаб қолишга эриша олган эдилар. Сўзимнинг исботи сифатида истибдод айни куч олган даврларда Бухородаги Мир Араб, Тошкентдаги Бароқхон мадрасалари ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти фаолият олиб борганини айтишим мумкин. Мавжуд ҳокимиятнинг қаршилиги, турли тазйиқу назоратлар остида бу даргоҳларда ўша даврларда ҳам толибу илмларга ислом динининг асосий ақоиду арконлари ҳақида чуқур билимлар беришга эришилар эди.
 
Жумладан, Имом Термизий ва Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламлари, Абу Муъин Насафийнинг ақида илмига оид “Ақоид ан-Насафий”, Абу Барокот Насафийнинг Қуръон тафсири илмига оид “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (“Тафсир ан-Насафий”), Низомиддин Шошийнинг фиқҳ илмига оид “Усул аш-Шоший” каби нодир манбаларининг асл матнлари мазмун-моҳияти ҳақидаги сабоқларни мен ҳам Тошкентда, 1971 йилда муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг 1225 йиллик таваллуди муносабати билан ташкил этилиб, 1974 йилдан буён Имом Бухорий номи берилган Тошкент ислом олий ўқув юртида олганман. Собиқ иттифоқдаги ягона бу олий даргоҳда Кавказорти, Шимолий Кавказ, Озарбайжон, Сибирь ҳамда бошқа жойлардан ҳам талабалар келиб ўқишарди. Чуқур илоҳий билимларга эга ўзбек уламолари бу ерда бизга Қуръони карим қироати ва тафсири, фиқҳ, ҳадис илми, балоғат илми, араб тили ҳамда шу каби мутахассислик фанларини зўр иштиёқ билан ўргатишарди.
 
Менинг шайхулислом бўлиб етишишимда ўзбек халқининг, атеизм ҳукм сурган ўша мураккаб даврда ҳам менда юксак маънавият, бағрикенглик, босиқлик, аҳиллик каби фазилатларни тарбиялаган ўзбек заминининг катта ҳиссаси бор. Айнан шу ерда биз, шўро даври мусулмонлари инсониятга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик келтирувчи чинакам ислом руҳи билан камол топдик. Ўзбекистоннинг ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси хусусида сўз кетар экан, биз муҳтарам ўзбек устозларига ҳурмат кўрсатишни муқаддас бурчимиз, деб ҳисоблаймиз. Мен ўзимни муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон, Юсуфхон Шокиров, Абдулғани Абдуллаев, Махтум Саттиевнинг шогирди, деб билишдан фахрланаман. Уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
 
Шу сабабли бўлса керак, бу муқаддас даргоҳда сабоқ олган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Усмонхон Алимов (Ўзбекистон), Аҳмад Қодиров (Россия Федерациясининг Чеченистон Республикаси), Талъат Сўфи Тожиддин, Равиль Гайнутдин (Россия), Исмоил Бердиев (Россия Федерациясининг Қорачой-Черкес Республикаси) сингари уламолар, сиёсатчилар дину диёнат масалаларига эътибор берила бошланган пайтларда турли республикаларда ислом динининг қаддини яна тиклаш йўлида жонбозлик кўрсатдилар. Халқларни имон-эътиқод, маънавият-маърифат, одоб-ахлоққа даъват этувчи китоблар ёзиб, Қуръони карим, ҳадиси шарифни таржима қилиш ҳамда тафсирлаш билан машғул бўлдилар. Шу боис уларнинг айримлари ҳозир ҳаёт бўлмасалар ҳам, амалга оширган эзгу ва савобли ишлари билан замондошлари хотирасида мангу қолдилар.
 
Туркий халқларнинг фахри бўлган қирғиз адиби Чингиз Айтматов бир пайтлар ўзбек халқининг Марказий Осиёга таъсирини қадим Византиянинг Европага таъсирига тенглаштирган эди.
 
Ислом динига муносабат масаласида ҳам ўзбек халқи турли мураккаб даврларда имон-эътиқодини, дину диёнатини пок сақлаб қолиб, замонавий дунёда ислом маданиятини тарғиб этишда жонбозлик кўрсатди, деб ишонч билан айта оламан.
 
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, тез орада халқнинг азалий қадриятлари қайта юз очди. Муқаддас китобимиз Қуръони карим ўша йиллардаёқ Алоуддин Мансур таржимасида ўзбек тилида чоп этилди. Фиқҳга оид “Мухтасар”, Ҳадис китоблари, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замаҳшарий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк зотларнинг бой мероси халқ онгидан қайтадан жой олиши бу заминга илоҳий нурларини ёғдирди. Ўтмишдаги юксак маънавий-маърифий нуфузини бугунги кунда қайта тиклаган Ўзбекистонда ислом динига муносабат масаласида узоқ сўзлаш мумкин бўлса-да, уларнинг айримларига тўхталиб ўтишни жоиз топдим.
 
Бу ерда ислом уламолари, авлиё-анбиёларнинг қисқа фурсат ичида обод қилинган мақбаралари аҳоли учун зиёратгоҳ, ёшлар учун тарбия мактаби, чет эллик сайёҳлар учун осориатиқа сифатида янаям қадрли бўлиб бормоқда. Теварак-атрофи боғ-роғлар билан қуршалиб, замонавий меҳмонхоналар, ошхоналар барпо этилган мазкур муқаддас қадамжолар Ўзбекистонда нафақат сайёҳлик соҳасининг янада ривожланишига, балки ислом маданияти тарғиботига хизмат қилади.
 
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқида ислом динининг дунё миқёсидаги ўрнига юксак баҳо берди ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббусини кўтариб чиқди. Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда мазкур йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган, илмнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришни кўзда тутувчи “Жаҳолатга қарши маърифат” принципиал ёндашуви ўрнак олса арзигулик.
 
Диний ва маънавий меросни сақлаш, мавжуд фондларни бойитиб бориш, тарихий манбалар билан ишлаш учун маҳаллий ҳамда хорижий тадқиқотчиларга зарур шароитлар яратиш, тарихий-маданий мерос намуналарини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Эндиликда Ўзбекистонда қадимги қўлёзмалар, литография китоблари, тарихий ҳужжатлар, илмий ва диний мактабларга оид қадимги меросни ўрганиш янада самарали йўлга қўйилади.
 
Шу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Бугунги кунда дунёда ечими мураккаб туюлган фожиаларнинг ҳал этилиши аслида у қадар қийин эмас, аксариятининг жавоби қадимий қўлёзмалар саҳифаларида мужассам. Уларни синчиклаб ўқиб-ўрганиш, таққослаш, хулосалар чиқариш кўпгина чигал масалаларнинг ҳал этилишига олиб келиши муқаррар. Бу борадаги ишлар Ўзбекистонда тизимли равишда олиб борилаётгани алоҳида эътиборга сазовор. Чунки мазкур хайрли ҳамда савобли саъй-ҳаракатлар ислом динининг эзгулик ва маърифатпарварликка йўғрилган таълимотини башарият онгига софлигича етказиши, унинг моҳиятини миссионерлар, сохта сиёсатчилару худбин файласуфлар бузиб талқин этишига йўл қўймаётгани билан улуғвор ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мана шу узвийликнинг мантиқий давоми, десак, айни ҳақиқат бўлади. Бу юртда қадимда бўлгани каби мазкур Академия туфайли диний илм-фан ва таълим янада тараққий топади. Шу сабабли, ўйлайманки, Шавкат Мирзиёев мазкур Академиянинг асосчиси сифатида унинг биринчи академиклигига лойиқ ҳисобланади.
 
Бухоро шаҳри Ўрта асрлардаёқ “Ислом оламининг қуввати” деб ном олган. Ўша замоннинг илғор дорилфунунлари саналган мадрасаларда таҳсил кўрган ёшлар кейинчалик улуғ олиму фузалолар бўлиб етишишган. Улар тафсир, фиқҳ ва бошқа диний илмлар қаторида риёзиёт, ҳандаса, жуғрофия, илми нужум сингари дунёвий билимларда ҳам юксак камолот касб этишарди. Мирзо Улуғбек Бухоро ҳамда Самарқандда ўзи бунёд қилган мадрасалар пештоқларига барча замонда ибрат олса арзийдиган оятлар ва ҳадисларни ўз даврининг машҳур хаттотлари томонидан ёздириб қўйгани ҳам бежиз эмас. Бу ёзувлар бугунги Ўзбекистон ёшлари учун ҳам ибратдир. Юксак санъат даражасидаги ушбу ёзувлар мазмун-моҳиятининг ўзи ислом маданиятини дунёга соф ҳамда тиниқ тарзда кўрсата олишга арзийди.
 
Ўтган йили октябрь ойида Ўзбекистонда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу тадбирни ташкил этишга кўмаклашганлардан беҳад мамнунман. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Гейдар ўғли Алиевга мазкур ўта муҳим тадбирни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари, шунингдек, конференция қатнашчиларига йўллаган табригидаги илиқ фикрлари учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу давлат раҳбарлари томонидан халқларимизнинг диний қадриятларига юксак эътибор кўрсатилаётганидан далолат беради.
 
Шу муносабат билан бу қутлуғ заминга қадам қўяр эканман, қалбимни чексиз ҳаяжон, сурур эгаллади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари делегациямизни қабул қилар экан, мазкур анжуман миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка хизмат қилишини таъкидлади. Конфессиялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани, бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган халқаро терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашда ислом динининг асл қадриятлари, инсонпарварлик ғоялари самарали восита эканлигини қайд этди. Тошкентдаги муҳташам Симпозиумлар саройида ўтказилган нуфузли тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Украина, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ирландия, Германия ва бошқа давлатлар олимлари ҳамда диний конфессиялар вакиллари қатнашди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мақсади нечоғли эзгу ҳамда долзарблигини мен конференция давомида чуқур ҳис этдим. Бугунги кунда глобал жараёнлар, хавфсизлик ва барқарорликка нисбатан тобора кучайиб бораётган таҳдид ҳамда хатарларга қарши саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, конфессиялараро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришни тақозо қилаётганини анжуман қатнашчилари ҳам эътироф этишди. Бу ерда муҳокама қилинган миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, таълимни ривожлантириш, ёшларнинг ахлоқий тарбияси сингари масалалар, ўйлайманки, миллатию эътиқодидан қатъи назар, ғайриахлоқий муносабатлар шаклланиб ҳалокат ёқасига кетаётган мамлакатлар учун ҳам муҳимдир.
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Жаноби Олийларининг иштирокчиларга йўллаган табригида ислом динининг тинчлик-осойишталик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик сингари жиҳатларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Туркия Республикаси Диний бошқармаси раиси Доктор Али Эрбаш, Озарбайжон Республикасининг Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Мубориз Қурбонли, Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Ислом тарихи, маданияти ва санъати ташкилотининг Истанбулдаги маркази (IRCICA) бош директори, доктор Халит Эрен, Озарбайжон миллий академияси президенти, академик Акиф Ализода, Миллий Мажлис депутати, Парламентдаги озарбайжон-ўзбек дўстлиги гуруҳи раҳбари Элдор Иброҳимов, Миллий Мажлис депутати, Парламент қўмитаси раиси Сиёвуш Наврўзов, Қорачой-Черкес Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари, Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштирувчи маркази раиси, муфтий Исмоил Бердиев чиқишларида ҳам исломнинг инсонпарварлик ролига алоҳида эътибор қаратилди. Мен бу анжуманда сўзлаган нутқимни “Тинчликни сақлашда диннинг ўрни” деб номладим.
 
Ўзбекистоннинг буюк, қардош ҳамда дўст ўзбек халқини чин дилдан севиб, ҳурмат қилган ҳолда, унга Аллоҳ иродаси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Жаноби Олийлари тимсолида юртдошларини юксак муваффақиятлар сари етаклашга қодир, ўзбек халқининг қадимий тарихи, маънавий мероси, миллий ҳамда ахлоқий анъаналарига содиқ, доно ва узоқни кўзловчи раҳбар юборилганидан мамнунман.
 
Ҳар гал Ўзбекистонда бўлар эканман, бу муқаддас юртнинг гуллаб-яшнаётганига гувоҳ бўлиб, ўзбек халқи ҳаётидаги хайрли ўзгаришларни кузатиб, мамнуният билан қайд этмоқчиманки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни янада юксак марраларга элтувчи муносиб раҳбар. Унинг бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчилик мақомини мустаҳкамловчи муҳим тарихий ўзгаришлар рўй бермоқда. Жумладан, биз, озарбайжонликлар Президент Мирзиёевнинг мамлакатимизга ташрифини жонажон биродаримиз, самимий ва қадрдон дўстимиз ҳамда доно шахс сифатида интиқлик билан кутаяпмиз. Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларини ўзим учун шундай кашф этдим ва уни айни сабабдан дилдан ҳурмат қиламан.
 
Ҳар бир халқнинг обрў-эътибори унинг тарихи, улуғ сиймоларининг инсоният тамаддунига қўшган ҳиссаси билан ўлчанади. Шу маънода, ўзбек халқининг ўтмишда бўлгани каби бугунги кунда ҳам дунёга эзгулик ва маърифат таратган ислом динини юксак эъзозлаётгани амалий саъй-ҳаракатларда намоён бўлиб турибди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида ўтказилгани, Ҳазрати Имом мажмуида Ислом цивилизацияси марказини барпо қилиш бўйича олиб борилаётган улкан амалий ишлар фикримизнинг далилидир.
 
Ўзбек ва озар халқлари дўст-қардошлиги азалдан ўзаро турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз ўхшашлигида акс этиб келмоқда. Ўзбеклар “Навоийхонлик”, “Бедилхонлик”, “Машрабхонлик” қатори “Фузулийхонлик”ни ҳам жону дили билан хуш кўришади. Умуман, тилимиз яқин, қардошу қариндошмиз, динимиз бир — бугунги кунда дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган мустақил давлатларнинг фуқароларимиз. Қарангки, 2007 йилда “Тошкент — Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган бўлса, 2017 йил Озарбайжонда Ислом бирдамлиги йилига айланди.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан Кавказ мусулмонлари идораси ўртасидаги муносабатлар ҳамда алоқалардан мамнунмиз. Қадрдон биродарим, муфтий Усмонхон Алимов билан биргаликда бизнинг қардош халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатни ишга соламиз. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Одилович Юсупов ва муҳтарам муфтий Усмонхон Алимовнинг Озарбайжонга ташрифлари халқларимиз маънавий бирдамлигининг юксак намунаси бўлди. Бу эса ҳаётнинг барча жабҳаси, жумладан, давлат — дин муносабатларидаги ҳамкорликнинг юқори даражасини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида, бу халқларимиз ҳамда давлатларимизнинг янада тараққий этишига кучли туртки беради. Шубҳасиз, давлат раҳбарлари томонидан давлат — дин муносабатларини моҳирона тартибга солиш, уларнинг диндорлар эҳтиёж ва орзу-умидларига эътибор қаратиши жамиятда маънавий-ахлоқий барқарорликни таъминлашда муҳим жиҳатлардан биридир.
 
Аллоҳга шукроналар бўлсинки, Ўзбекистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам айнан шундай ёндашувнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Раҳбарларимиз маънавиятнинг юксалишига, миллий ҳамда маданий қадриятларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратишмоқда.
 
Аминманки, ҳар икки қардош мамлакатнинг етакчилари — Шавкат Миромонович ва Илҳом Гейдар ўғли ўзларининг доно сўзлари ҳамда амалий саъй-ҳаракатлари билан минтақаларимизда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқларимизнинг мулоқот ва ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга катта ҳисса қўшишади. ИншаАллоҳ, мамлакатларимиз келгусида бундан-да гуллаб-яшнаши ҳамда бахт-саодатга эришиши азалдан тақдири туташ Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муносабатлари бундан-да мустаҳкамланиши ҳамда тараққий топишини Яратгандан илтижо қиламан.
 
Бирдамлигимизга кўз тегмасин, Аллоҳ эзгу ниятларимизга мададкор бўлсин!
 
Шайхулислом Оллоҳшукур ПОШШОЗОДА,
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, 
МДҲ Динлараро кенгаши ҳамраиси, 
Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси.

Манба: ЎзА

Поделиться