Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Туркманистон: яхши қўшнилик алоқалари янги мазмун билан бойимоқда
2018-02-23 | Сиёсат
Туркманистон элчихонасида 2017 йилда ушбу мамлакат ташқи сиёсий фаолияти ҳамда жорий йилда ўтказадиган халқаро тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шири Шириев 2017 йил Туркманистон билан Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда тарихий давр бўлганини таъкидлади.
Олий даражадаги доимий мулоқотлар Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди ва амалий мазмун билан бойитди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк хорижий ташрифини 2017 йил 6-7 март кунлари Туркманистондан бошлади. Олий даражадаги учрашувлар ўзаро ҳамкорлик ривожига кучли туртки берди ва барча соҳаларда узоқ муддатли стратегик истиқбол учун янги конструктив асослар яратди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов таъкидлаганидек, дўстлик, яхши қўшнилик, мустаҳкам савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик, ташқи сиёсатда ўзаро англашув нафақат мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилади, балки Марказий Осиё ва унинг атрофида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлади.
Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигида алоҳида аҳамият касб этади. Бу масалада мамлакатларимизнинг қарашлари ўзгармас ва изчилдир. Ўзбекистон ва Туркманистон зиддиятли вазиятларни бартараф этиш, яхши қўшниликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатларни эътиборга олган ҳолда, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишнинг шаффоф ва самарали механизмларини яратиш тарафдоридир. Бу борада қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилади. Уни барқарорлаштиришнинг бирдан-бир йўли тинч, сиёсий воситалар асосида умуммиллий мулоқот ўтказишдан иборат. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият, биринчи навбатда, БМТ Афғонистонда тинчлик қарор топиши учун ўз имкониятларини ишга солиши керак.
Тинчлик ва хавфсизлик масалаларидан ташқари, мамлакатларимиз муҳим глобал масалалар – барқарор тараққиёт, энергетика хавфсизлиги, халқаро транспорт-транзит алоқалари, экология ва атроф-муҳит муҳофазасига биргаликда эътибор қаратмоқда.
Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатларимиз минтақадаги кенг қамровли энергетик лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Бу лойиҳалар тўғрисида гап кетганда, йилига 25 миллиард куб метр газ ўтказадиган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой қувурини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида изчил ҳамкорлик қилинмоқда.
Халқларимиз азалдан ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган, бир дарёдан сув ичган, савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлмоқда.
Халқларимизнинг тарихан шаклланган яқин дўстлик ришталари ва муштарак маданий илдизлари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ўзаро англашув мустаҳкамланиши ҳамда сермаҳсул ҳамкорлик ривожланишига хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА