Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Манасда аҳолини қийнаётган муаммолар бартараф этилмоқда
2018-02-22 | Жамият
“Обод қишлоқ” дастури доирасида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғини ободонлаштириш бўйича белгиланган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимиз талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни рози қилишдан иборатдир. Бу олижаноб мақсад йўлида амалга оширилаётган залворли ишлар кўлами кундан-кун ортиб, янги маъно ва мазмун касб этмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга жорий этилаётган навбатдаги янги ташаббус – “Обод қишлоқ” дастури, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошчилигида барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Дўстлик туманидаги қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий аҳволи ўрганиб чиқилди. Ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадоннинг ҳолати, одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш давомида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш намунаси сифатида вилоят марказидан 70 километр узоқликдаги Манас қишлоғининг танлангани бежиз эмас.
Мирзачўлни ўзлаштиришнинг дастлабки даврида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғидаги 1 минг 45 хонадонда олти миллат вакилларидан иборат 6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолисининг асосий фаолияти деҳқончилик бўлган қишлоқда инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги одамлар учун жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқдаги муаммолар ўрганилиб, бу ерда аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланди ва бажаришга киришилди. Чора-тадбирлар режаси асосида вазирликлар, идоралар, уларнинг вилоят ва туман ташкилотлари томонидан қишлоқ болаларининг таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар яратиш, аҳолини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиш, уларни энг зарур саккиз турдаги маҳсулотлар, дори-дармон ва ногиронлик аравачалари билан таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уй-жойлар, йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш учун банк кредити ажратиш каби долзарб ишлар қисқа муддатда амалга оширилмоқда.
Бугун Манасда улкан умумхалқ ҳашарининг яратувчилик руҳи ҳукмрон. Қишлоққа қурилиш ашёлари, аҳолига зарур маҳсулотлар ва буюмлар, дори-дармон, уй-рўзғор жиҳозлари юкланган атомашиналар узлуксиз келиб турибди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари вакиллари қишлоқ фаоллари билан ҳамкорликда кўча ва йўллар, ижтимоий иншоотлар, уй-жойларни таъмирламоқда, ҳудудни ободонлаштирмоқда.
– Инсон бахтли ҳаёт кечириши учун, аввало, яшаш жойида муносиб шароит бўлиши керак, – дейди “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Жалил Кенжаев. – Шу маънода, қишлоғимиз бугунги тараққиёт мезонларидан анча ортда, одамларнинг яшаш тарзи, ижтимоий иншоотларнинг камлиги юртимизнинг умумий манзарасига сира ярашмай турган эди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар бизнинг қишлоғимизга ҳам етиб келгани одамларнинг руҳини кўтарди. Уларда бугунги турмушини яхшилаш учун ҳаракатга рағбат, эртанги кунга, келажакка ишонч уйғотди. Ҳар бир хонадон, кўча, мактаб, тиббиёт масканини замонавийлаштиришга қаратилаётган эътибор одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашга руҳлантириб, давлатга ишончини мустаҳкамламоқда.
Қишлоқ оқсоқоли билдирган бу фикрни бугун манасликларнинг барчасидан эшитиш мумкин. Ким билан гаплашманг, “Обод қишлоқ” дастурининг туб моҳияти қишлоқларда кўп йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилганини таъкидламоқда.
– Умримда биринчи марта ҳукумат вакиллари оиламизнинг аҳволи билан танишиб, шароитимизни яхшилашга ёрдам берди, – дейди II гуруҳ ногирони Давлат Ўзбеков. – Яшаб турган уйимнинг қурилишини битиролмай қийналаётган эдим. Икки кунда уй томини шиферлаб, эшик, ром ўрнатиб беришди. Тўғриси, ҳаётимизда бундай ўзгаришлар бўлишини кутмаган эдик. Демак, давлат биз ҳақимизда, ҳар бир фуқаро ҳақида ўйлаяпти, ҳаётини яхшилашга ҳаракат қиляпти. Бундай эзгу ташаббуснинг бошида турганлардан беҳад миннатдормиз.
Турли вазирликлар, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари уйма-уй юриб ўтказаётган мулоқотларда муаммолар эшитилиб, уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Аёлларни тадбиркорлик, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб этган ҳолда, уларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, хонадонлардаги саранжом-саришталик, фарзандлар тарбияси масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА