Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистонда ўзбекистонлик талаба ёшлар уюшмаси иш бошлади
2018-02-21 | Таълим
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан мазкур мамлакатнинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандош талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Айни вақтда Ҳиндистонда 50 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар ахборот технологиялари, иқтисодиёт, шарқшунослик, инглиз тили каби қатор йўналишларда илм ўрганишмоқда.
Учрашув иштирокчиларига юртимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёни, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўсиб келаётган авлод ҳар томонлама тараққиёти учун кўрсатаётган юксак эътибори, ёшлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича ахборот берилди.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасидаги ишлар ҳақида гапирилди. Ёшларимиз она-Ватан тараққиёти учун ўз ҳиссаларини қўшишлари муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида Ҳиндистонда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларни бирлаштирувчи уюшма тузишга қарор қилинди. Элчихона билан яқин ҳамкорликда иш юритадиган мазкур ташкилот йиғилиши ҳар ойда камида бир маротаба ўтказилади.
Тузилманинг раиси этиб Жавоҳарлал Неру университети магистранти Музаффар Хақбердиев, котиб этиб эса Дели университетининг Рам коллежи талабаси Азиза Зоирова сайландилар.
Учрашувда уюшманинг 2018 йилдаги иш режаси муҳокама қилиниб, ундаги асосий йўналишлар сифатида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги маданий, илмий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида иш олиб бориш, Ҳиндистон илмий марказлари, кутубхона ва музейларида сақланаётган ва биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон тарихи ва маданий бойлигига оид нодир қўлёзмалар каталогини тузиш, мазкур мамлакатнинг инновация ва ахборот технологиялари йўналишидаги илғор тажрибасини ўрганиш каби тадбирлар қайд этилди.
Ушбу режаларнинг илк амалий натижаси ўлароқ талабалар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Ҳиндистон: маданий, маърифий ва адабий алоқалар” мавзусида “давра суҳбати” ташкил этилди. Мазкур тадбирда асосий эътибор бобокалономиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий-маърифий меросига қаратилди. Шунингдек, мунозаралар давомида бобурийлар меросини ўрганиш, мазкур даврга тегишли ноёб асарлар ва қўлёзмалар нусхаларини Ўзбекистон илмий-тарихий муассасаларга етказиш масалаларида фикр алмашилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги