Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қачонлардир башорат тарзида айтилган “дунёни ахборот бошқаради”, деган гап бугун ҳақиқатга айланди

2018-02-20 | Жамият

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари шиддатли тараққий этиши баробарида бу ҳақиқат жаҳон тамаддуни истиқболини белгилайдиган стратегик аҳамият касб эта бошлади. Мамлакатимизда мазкур соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ахборот алмашинув тизими давр талабига ҳамқадам ривожланмоқда.

Наманган вилоятида ҳам интернет алоқа хизмати сифатини ошириб бориш, глобал ахборот тизимидан фойдаланувчиларга жаҳон стандарти талаблари даражасида имконият яратиш йўлидаги амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. 
 
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Юсуфжон Эшонов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
 
– Вилоятимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича ҳар йили алоҳида ишлаб чиқиладиган манзилли лойиҳалар асосида амалга оширилаётган ишлар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожи, жамиятнинг демократлашуви, давлат бошқарувида тезкорлик, аниқлик, тежамкорлик тамойиллари шаклланишига хизмат қилмоқда.
 
Ўтган давр мобайнида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотлар 586 та “е-kalit” мосламаси билан таъминланиб, “e-ijro” электрон ҳамкорлик тизимида ишлаш имконияти яратилди. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ҳамда ташкилотларда ўрнатилган 370 дан зиёд “е-хаt” ҳимояланган электрон почта тизими расмий ахборот алмашинувида ҳар жиҳатдан қулайликни таъминламоқда.
 
Вилоят ҳокимлиги тизимида 10 ахборот тизими ва 9 ахборот ресурси белгиланган тартибда ишга туширилди. Айни пайтда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти орқали 34, жумладан, фуқаролар учун 13 ҳамда юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун 21 турдаги интерактив давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
 
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, вилоятдаги 100 дан зиёд давлат бошқаруви идоралари ва ташкилотларда масофавий интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилди.
 
Вилоят ҳудудида кенг полосали тармоқлар, мобиль алоқаси, интернет хизмати каби телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар самараси аҳолига кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифати янада яхшиланишида ўз ифодасини топмоқда.
 
Бугунги кунда вилоятда тўлиқ рақамлаштирилган умумий сиғими 127 минг 616 рақамга тенг 130 дан зиёд телефон станцияси 80 мингга яқин фойдаланувчининг узоғини яқин қилмоқда. Аҳолига маҳаллий телекоммуникация тармоғи орқали интернет хизмати кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими эса 36,6 минг портга етказилди, айни пайтда улардан 20 минг 400 дан ортиқ абонент унумли фойдаланмоқда. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 18 минг нафар эди.
 
Шиша толали алоқа тармоқларининг умумий узунлиги 1 минг 754 километрдан ошди. Шундан 154 километрдан зиёди ўтган йилнинг ўзида тортилди. Натижада тармоқ ўтказувчанлик даражаси вилоят марказигача 40 Гбит/с., ҳар бир туман марказигача эса 10 Гбит/с.га етказилди.
 
2017 йилда 190 мобиль алоқа база станциялари ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 992 тага етди. Ҳозир вилоят бўйича мазкур станциялар хизматидан 1 миллион 200 мингдан ортиқ абонент фойдаланмоқда.
 
Ўтган йили 13 MSAN станцияси ўрнатилиб, 47 километрдан кўп шиша толали алоқа тармоғи тортилди. Мингбулоқ, Поп, Чортоқ, Норин, Наманган, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида амалга оширилган бу лойиҳалар интернет хизматидан фойдаланувчилар сонини 960 тага ошириш имконини берди. Бундан ташқари, Президентнинг вилоят, туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари, “Ўзмобайл” миллий мобиль алоқа оператори таянч станциялари, ҳарбий қисмлар, ички ишлар идораларига жами 44 километрдан зиёд шиша толали алоқа тармоқлари тортилди.
 
Бу борадаги ишлар туфайли маълумотларни узатиш тармоғининг ўтказувчанлик даражаси 50 баробар оширилиб, фойдаланувчиларга юқори тезликдаги интернет, IP-телефония ва интерактив телевидение хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
 

Акрамжон Сатторов ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться