Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари-олий қадрият
2018-02-19 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги қарори билан ташкил этилган бўлиб, фаолиятининг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва уларнинг мазкур соҳада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштиришдан иборатдир.Ишчи гуруҳ таркибига 32 та ташкилот киради, булар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд органлари, асосий вазирликлар ва идоралар, илмий-эксперт муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидир.
Идоралараро ишчи гуруҳнинг барча аъзолари мажлисда иштирок этдилар. Айтиш жоизки, мажлис давомида ишчи гуруҳнинг 2017 йилги фаолияти танқидий ва таҳлилий нуқтаи назаридан ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида замонавий шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу соҳадаги ишларни фаоллаштириш масалалари муҳокама этилди.Тадбирда қайд этилганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Идоралараро ишчи гуруҳи ўзига юклатилган вазифаларни сифатли амалга оширишда уйғунлашган, самарали ва тезкор фаолият олиб бориши кун тартибида долзарб масала сифатида эътироф этилди.
Мажлисда таъкидланганидек, Идоралараро ишчи гуруҳи инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлик ва ягона ёндашувни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
2017 йилдаги фаолиятнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айнан ягона ёндашувни ташкил этиш ва мувофиқлаштиришга, мурожаатларни, уларда кўтарилаётган муаммоларни умумлаштириш ва ўрганиш орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.Бунинг асосий сабабларидан бири – Идоралараро ишчи гуруҳининг фаолияти асосан халқаро муносабатларга йўналтирилган бўлиб, ички масалалар эътибордан четда қолиб кетмоқда.
Мажлисда ўтган йил давомида йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиқиб, Идоралараро ишчи гуруҳи олдида турган истиқболдаги вазифалар муҳокама этилди.
Тадбир якуни бўйича, Идоралараро ишчи гуруҳининг 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда инновацион методлардан фойдаланиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган кенг қамровли тадбирлар режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги