ИИВ вазири Пўлат Бобожонов: Халқ давлатдан рози бўлиши кўп жиҳатдан фидойилигимизга боғлиқ ва биз бу мақсадга албатта эришамиз
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётир.
Президент раҳбарлигида соҳа ходимлари иштирокида уч марта видеоселектор йиғилиши ўтказилганлиги ҳам ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.
Ички ишлар органлари олдига қўйилаётган вазифалар қай даражада бажарилмоқда? Ўтган бир йилда ушбу соҳада қандай натижаларга эришилди?
Бу саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан суҳбатлашди.
- Давлатимиз раҳбари ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин, деб алоҳида таъкидлаган, - дейди П.Бобожонов. - Бунинг замирида бизга юксак масъулият юклатилиши баробарида давлатнинг халқ билан бевосита иш олиб борувчи вакили – ички ишлар органларига бўлган ишонч ҳам мужассам. Ҳам ишонч, ҳам юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда халқ манфаати учун фидойилик билан хизмат қилиш кундалик ишимизга айланди.
Айтиш мумкинки, 2017 йил ички ишлар органлари тизимида туб ўзгаришлар йили бўлди. Бунда, вазирлик ва ҳудудий ички ишлар бошқармалари штат бирликларини қисқартириш эвазига барча туман-шаҳар ички ишлар бўлимларининг ташкилий тузилмалари кучайтирилиб, юзага келаётган тезкор вазиятга самарали таъсир ўтказа оладиган такомиллаштирилган тизим яратилди.
Жумладан, фуқароларга қатор қулайликлар яратиш, ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш ишлари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли ташкил этиш мақсадида, ички ишлар бўлимларидан олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча 175 та ички ишлар бўлинмалари ва 824 та таянч пунктлари ташкил этилди. Профилактика инспекторлари сони 1102 нафарга оширилди, вазирлик ҳузурида Тергов департаменти, жойларда эса суриштирувчилар институти шакллантирилди.
Амалга оширилган ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишга бутун жамоатчилик, хусусан маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари, пиру бадавлат отахон ва онахонлар билан ҳамкорлиги қайта йўлга қўйилди ва ушбу ишлар фаолиятимизда кўплаб ижобий кўрсаткичларга эришиш имкониятини берди.
2017 йилда мамлакатимизда 73 минг 692 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, аввалги йилга нисбатан 13 минг 720 тага ёки 15,7 фоизга камайишга эришилди.
Хусусан, қотиллик 22, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 7,1, номусга тегиш 21,8, босқинчилик 22,8, талончилик 21, ўғирлик 6,6, фирибгарлик 5,7, безорилик 37,9, транспорт воситаларини олиб қочиш 6,2 фоизга камайди.
Жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда ва содир бўлган жиноятнинг ўз вақтида фош этилишини таъминлашда ҳудудий профилактика инспекторлари муҳим ўрин тутмоқда. Бунда уларнинг шахсий масъулияти кучайтирилиши билан бир вақтда ижтимоий муҳофазаси ҳам тубдан яхшилангани муҳим аҳамият касб этди.
Чунончи, профилактика инспекторлари оила аъзолари билан хизмат ҳудудида яшаши ва аҳолига тезкорлик билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун хизмат уйлари ва имтиёзли равишда шахсий енгил автомобиль билан таъминланди. Профилактика инспекторининг иш фаолияти самарадорлигини таъминлашда туман ва шаҳар ички ишлар органи бошлиғининг ёшлар масаласи бўйича ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимлари жорий этилгани ҳам ўз самарасини бермоқда.
Ушбу тажриба бошқа давлатлар ички ишлар идоралари томонидан ижобий баҳоланиши билан бир қаторда ҳозирда бу улар томонидан ўрганилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган ушбу ишлар натижасида ўтган йил давомида республикадаги мавжуд 8 минг 973 маҳалланинг 1 минг 79 тасида умуман жиноят содир этилмади.
Профилактика инспекторлари ҳақида гап кетса, улар фаолиятидан қониқмаслик ёки уларни фақат танқид қилиш ҳолатлари кўпроқ кузатилади. Бироқ, улар кўпинча осойишталик учун тунни тонгга улаб хизмат қилишини унутмаслик лозим. Уларнинг кўпчилиги зарур бўлса, хизмат вазифасини бажариш чоғида жонини ҳам аямайди. Масалан, 2017 йил 13 декабрь куни тонги соат 5:50 да Тошкент шаҳар Миробод тумани Мироншоҳ 8-тор кўчаси бўйлаб ўтган катта босимдаги сув қувури ёрилиб кетгани туфайли шу кўчадаги 18 хонадонда яшовчи аҳоли қайноқ сув гирдобида қолган. Воқеа жойига тезлик билан етиб келган профилактика инспектори лейтенант Ислом Бекназаров 27 фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолган, ўзи эса жароҳат олган.
Жорий йил 8 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори жамоатчилик вакилларини жиноятчиликни жиловлашга кенг жалб этиш учун муҳим асос бўлганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Эндиликда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда фаол иштирок этган фуқароларни энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваригача бўлган миқдорда мукофотлаш тизими жорий этилиб, уларни жиноятчиликка қарши курашишга жалб этиш учун янада кенгроқ имконият яратди.
- Содир бўлаётган жиноятлар асосан кимлар томонидан содир этилмоқда ва бунинг сабаблари нима?
- Жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар барча жойларда талаб даражасида бажарилмоқда, деб айта олмаймиз. Ҳолбуки, бунинг учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд бўлишига қарамай айрим маҳаллаларда оила-турмуш муносабатлари билан боғлиқ маиший жиноятлар ҳамон учраб турибди. 2017 йилда оилавий келишмовчиликлар сабабли яқин қариндошлар бир-бирига нисбатан содир этган қотилликлар сони 200 га яқин бўлгани буни тасдиқлайди.
Ушбу жиноятларнинг 62 таси эр хотинига, 10 таси хотин эрига, 119 таси эса яқин қариндошлар томонидан бир-бирларига нисбатан содир этилган. Бундай нохушликлар асосан Самарқанд вилояти (27), Тошкент шаҳри (24), Тошкент (22) ва Фарғона (21) вилоятларида кўпроқ учради.
Жиноят – одамлар хавфсизлигига путур етказувчи мудҳиш ҳодиса. Бундай ҳолатлар кўпроқ ёшлар томонидан турли сабабларга кўра содир этилиши кузатилади. Албатта, бир жиноят содир бўлиши ҳам ташвишланарли, бироқ бу жараёнда хотин-қизлар, вояга етмаганлар учраётгани янада аянчли ҳолат.
Масалан, рўйхатга олинган жиноятларнинг 9,5 мингдан ортиғи хотин-қизлар томонидан содир этилган. Фарғонада 1 минг 625, Тошкент шаҳрида 1 минг 592, Тошкент вилоятида 1 минг 402, Самарқандда 1 минг 66, Андижонда 972 ва Наманганда 751 нафар аёл жиноятга қўл урган.
Жойларда уюшмаган, тарбияси оғир, иш ва ўқишга жойлашмаган ёшлар 26 минг 579 та жиноят содир қилган.Бунда, мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилган.
Вояга етмаганлар томонидан 1 минг 430 та жиноят, шундан, 778 та ўғирлик, 79 та безорилик, 77 та талончилик, 45 та баданга оғир тан жароҳати етказиш, 42 та босқинчилик ва 29 та фирибгарлик содир қилинган.
Қайд этилган ҳар бир жиноят маҳалла ва ўқув муассасаларида аҳоли ва ёшлар иштирокида кенг муҳокама этилиб, унинг оқибатлари батафсил тушунтирилмоқда. Токи, жиноятга қўл урган шахс ўз яшаш жойи, жамоасида қилмишидан пушаймон бўлиб, уни такрорламасликка ҳаракат қилсин, бошқалар эса бундан ўзига тегишли хулоса чиқарсин.
- Жиноятларни тергов қилиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қандай ишлар қилинди?
- 2017 йилда ички ишлар органларининг тергов хизмати фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Биргина суриштирув институти такомиллаштирилиб, эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган суриштирув ҳаракатлари 1 ой муддат ичида олиб борилиши лозимлиги белгиланди. Бу эса терговни анча тез, пухта, тўла, холисона, ҳар томонлама олиб борилиши натижасида фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлишларининг олдини олишга имкон яратди.
Хусусан, ўтган йилда вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг жойлардаги тузилмалари 69 минг 951 та жиноят иши бўйича процессуал қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда терговни тамомлаб, ҳар бир содир бўлган жиноят учун жазо муқаррарлиги принципи таъминланди.
Масалан, 2017 йил 14 ноябрь куни беш нафар номаълум шахс юзларига ниқоб тақиб, Тошкент шаҳрида яшовчи А.Абдуллаев хонадонига бостириб кирган. Уй эгаси ва уч нафар оила аъзосини уриб, қўл-оёқларини боғлаб, уйида бор пуллари ва мол-мулкини олиб, воқеа жойидан яширинган. Ушбу жиноят бўйича олиб борилган тергов давомида 4 нафар шахс ушбу жиноятни содир этгани аниқланиб, қамоққа олинди.
Тергов фаолиятида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмаслигини таъминлаш мақсадида 2017 йил 30 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Шу асосда вазирлик Тергов департаментида сўроқ жараёнини стенография қилиш, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу махсус хоналар Швейцария, Германия, Хитой ва Жанубий Корея давлатлари тажрибалари асосида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Бунинг натижасида жиноятдан жабрланган вояга етмаган шахсларда гумонланувчилар билан бевосита юзлашиш давомида пайдо бўлиши мумкин бўлган руҳий босимнинг олди олинишига имкон яратилди. Шунингдек, махсус хоналарда процессуал ҳаракатларни масофадан туриб видеоконференцалоқа тизимида олиб бориш ишлари йўлга қўйилиб, далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холислик таъминланади.
Асосийси, бу жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала қилиш каби ноқонуний усулларни қўллашнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бундай махсус хоналарни барча ички ишлар органларида ташкил этиш режалаштирилган.
- Жазони ижро этиш тизимида амалга оширилган ишлар қандай самара бермоқда?
- Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлайдиган қўшимча механизмлар яратишни ҳисобга олган ҳолда, жиноят-ижро қонунчилигини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида барча вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар юзасидан “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Белгиланган вазифалар доирасида жазони ижро этиш тизими фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда.Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ётоқхоналари, ёрдамчи бинолар бугунги кун талаблари асосида қайта қурилиб, зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.
Жазони ижро этиш соҳасини халқаро стандартларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Тошкент шаҳридаги 1-Тергов ҳибсхонасининг янги бинога кўчирилгани бу борада муҳим қадам бўлди. Жумладан, Тошкент вилояти Зангиота туманида янгидан қурилган замонавий тергов ҳибсхонаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг олий қадрият ва доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигининг яна бир ифодасидир. Муассасада барча шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, ошхона, кутубхона, ювиниш хонаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш амалиёти йўлга қўйилган. Муассасалар ҳузурида давлат унитар корхоналари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад маҳкумларни меҳнатга жалб этиш орқали тарбиялаш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш ва олинаётган даромадни қамоқда сақланаётган шахслар шароитини янада яхшилашга йўналтиришдир. Айтиб ўтиш керакки, жазони ижро этиш муассасалари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 2017 йил мобайнида 123,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Президентимизнинг 2017 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган 2 минг 700 нафар маҳкум афв этилди. Мазкур фармон ижроси тўлиқ таъминланди.
2017 йил давомида инсонпарварлик тамойили асосида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 1 минг 932 маҳкум озодликка чиқарилди, 8 минг 835 маҳкум манзил-колонияларига ўтказилди, 9 минг 462 маҳкумнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Жазони ижро этиш муассасалари Ўзбекистон Республикасида жазони ўташ ҳамда афв этишни амалга ошириш тартиби ва шартлари билан танишиш учун ахборот стендлари билан жиҳозланди. Ушбу маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтига ҳам жойлаштирилди.
Тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар устидан узлуксиз назоратни олиб бориш мақсадида мазкур муассасалар видеокузатув воситалари билан таъминланмоқда. Жорий йилнинг 1 март кунига қадар ушбу муассасаларда видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ишлари тўлиқ тугалланади.
- Ички ишлар органлари томонидан ўрганилаётган “пушаймонлик аризалари” ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Президентимиз топшириқларига асосан турли диний оқимларга бошқалар таъсирида ёки ёшлик қилиб, оқибатини билмасдан кириб қолганларнинг “пушаймонлик аризалари”ни ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Диний экстремистик оқимларга кирганларнинг ҳар бирига нисбатан мавжуд ҳужжатлар дин уламолари, яқинлари, қўни-қўшни ва қариндош уруғлари, маҳалла аҳли фикрини инобатга олган ҳолда ўрганилмоқда.Шу асосда тегишли комиссия томонидан хулосалар қабул қилинмоқда. Бунинг натижасида ўтган йилнинг ўзида 18 мингдан ортиқ шахс махсус ҳисобдан чиқарилди.
- Хавфсиз туризмни таъминлаш борасида ички ишлар органларига юклатилган масъулиятли вазифалар қандай бажарилмоқда?
- Ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асносида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Натижада жамоат жойлари, маҳаллалар, аҳоли зич жойларда, бозорлар, ўқув юртлари, чорраҳалар, баъзи криминоген ҳисобланган жойларда видеокамералар ўрнатилди. Мазкур жойлардан тўғридан-тўғри маълумот олиниши натижасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига, содир бўлган жиноятларни эса тезлик билан “изи йўқолмасдан” фош этилишига эришилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мазкур ҳудудлар ички ишлар бошқармаларида хавфсиз туризмни таъминлашга масъул тузилмалар ташкил этилди. Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари бошлиқлари лавозимлари жорий этилиб, уларнинг мақоми вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ўринбосарларига тенглаштирилди. Янги тузилган бошқармалар хорижий тилларни биладиган малакали ходимлар билан таъминланди.
Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида жамоат тартибини сақлаш, аҳолига ва меҳмонларга соҳа бўйича керакли зарур хизматларни кўрсатиш учун патруль-пост хизматлари ходимлари бир эркак ва бир аёл таркибидаги гуруҳда хизмат олиб бориши тажриба сифатида йўлга қўйилди. Бу гуруҳлар “тез ёрдам” етиб келгунга қадар дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш имконига ҳам эга.
- Наркотик моддалар савдосига чек қўйиш, гиёҳвандликка қарши курашиш тадбирлари қандай самара бермоқда?
- Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармасидаги Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармаси ва унинг жойлардаги ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 2017 йилда наркотик моддалар билан боғлиқ 4 минг 806 жиноятни 4 мингдан ортиқ шахс содир қилганлиги аниқланди. Улардан бир тоннадан ортиқ турли хилдаги наркотик моддалар олинди.
2017 йилнинг май-июнь ва август-сентябрь ойларида профилактик мақсадда икки босқичда “Қорадори-2017” тадбирлари ўтказилди.
Ҳар йили февраль ойида таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт, ёшлар, маҳалла каби тузилмалар ва манфаатдор бошқа ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда “Ёшлар орасида наркотик воситаларнинг тарқатилишига қарши кураш” тезкор профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 895 ҳолат аниқланди.
Ёшлар орасида “енгил наркотик” сифатида оммалашган, инсон руҳияти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи психофаол тиббий препаратларни ноқонуний сотиш билан шуғулланган 310 шахс ушланди.Улардан 62,5 минг дона дори воситалари олинди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
- Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қандай ишлар қилинмоқда?
- Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги тизимлари томонидан 2017 йил мобайнида коррупция ва иқтисод соҳасида содир этилган ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолияти тартибига қарши жиноятлардан 1 минг 426 таси аниқланди. Мазкур жиноятларнинг 171 таси порахўрлик, 109 таси товламачилик, 517 таси фирибгарлик, 125 таси валюта билан боғлиқ қоидаларни бузиш, 19 таси қалбаки пул ясаш, 190 таси талон-торожлик ҳамда 295 таси бошқа турдаги ҳолатлардир.
Тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида 407 гуруҳ томонидан содир этилган жиноятлар фош этилиб, жиноят содир этган икки мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Жиноятлар натижасида етказилган 45 миллиард сўмлик зарар ундирилди.
- Паспорт, хорижга чиқиш ва келиш билан боғлиқ жараёнлар фуқароларнинг энг кўп иши тушадиган, айни вақтда кўп ҳолларда норозиликлар юзага келадиган соҳа. Тизимда фуқароларга замонавий қулайликлар яратишга ҳаракат қилиняптими?
- Дарҳақиқат, вазирлигимизнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматига фуқаролар кўп мурожаат қилади. 2017 йилда 3 миллиондан ортиқ биометрик ҳужжат олиш учун тайёрланган талабномаларнинг ўзи ҳам бу соҳадаги ишнинг салмоғини кўрсатиб турибди.
Президентимизнинг ошкоралик ва туризмни ривожлантириш ҳақида олиб бораётган сиёсатлари туфайли жорий йилнинг 10 февраль кунидан бошлаб Ўзбекистонга Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония каби жами 7 мамлакатдан бир ойга қадар муддатга келаётган туристларга виза талаб қилинмаслиги йўлга қўйилди ва 39 давлат фуқароларига виза бериш тартиби енгиллаштирилди.
Йиллар мобайнида муаммо бўлиб келган масалалар ҳал қилиниб, 2017 йилда фуқаролиги бўлмаган 1 минг 243 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниб, уларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Ушбу йўналишдаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
- Йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар қандай натижа бермоқда?
- Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида билдирилган асосли ва танқидий фикрларидан сўнг юртимиздаги мавжуд патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари стационар постларининг 74 таси тугатилди.
2017 йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан 3,7 миллиондан ортиқ қоидабузарлик ҳолати аниқланди. 67 минг 148 ҳайдовчи автомобилини спиртли ичимлик ичиб бошқарган. 40 мингга яқин йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати эса пиёдалар томонидан содир қилинган.
81 минг 128 ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган материаллар судларга юборилди. Шундан 51 мингдан ортиғи маълум муддатларга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 1,5 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси болалар иштирокида содир бўлган.
Ҳозирда йўл-патруль хизмати ходимлари билан ҳайдовчилар ўртасидаги тушунмовчиликларни холисона ва қонун асосида ҳал қилиш учун ҳайдовчи билан инспекторнинг суҳбати тўла акс эттириладиган видеокамералар билан ҳар бир инспекторни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида тажриба тариқасида йўл-патруль хизматининг мотоциклдаги гуруҳлари ташкил этилди. Уларга йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиши ва тирбандлик ҳосил бўлишининг олдини олиш, йўллар ва кўчаларнинг ҳаракатланиши қийин бўлган қатнов қисмларида, одамлар гавжум жойларда, шунингдек хорижий ва бошқа делегацияларни кузатишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш вазифалари юклатилди.
Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги қарорига кўра, Тошкент шаҳрида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Бунда, транспорт воситаси ҳайдовчиси жойида бўлмаган тақдирда ҳам йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда тўхтаб туриш ҳолати қайд этилади ва расмийлаштирилади.
2017 йилда 12 минг 705 ёнғин содир бўлган. Бунда 159 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 398 нафари турли тан жароҳати олган. Ёнғинлар натижасида 68 миллиард сўмдан ортиқроқ миқдорда моддий зарар кўрилди. Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва жойлардаги ходимларимизнинг хизматга содиқ ва фидойилиги туфайли ёнғинлар вақтида 195 нафар фуқаро соғ-омон ҳолда ёнғиндан қутқариб қолинди.
Жумладан, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида сафдор Алибек Шодмонов ва Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида сафдор Муроджон Зиёвуддиновлар ёнғинни ўчириш вақтида хизмат вазифаларини бажара туриб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ёнғин хавфсизлиги ходими кичик сержант Шукур Калабаев ёнғин вақтида ўз жонини аямасдан ёниб турган оловга кириб, 12 нафар фуқарони олиб чиқди.
- Хавфсизликни таъминлашда қўриқлаш хизматининг аҳамияти беқиёс. Бу имкониятдан аҳоли қандай фойдаланмоқда?
- Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан 25 минг 331 халқ хўжалиги объекти ва 10 мингга яқин хонадон қўриқланмоқда. Мазкур объектларда ўғирлик содир қилишга қаратилган ҳар қандай ҳолат ўз вақтида бартараф этилмоқда.
Қўриқланаётган объектлардан майда ўғирлик учун 6 минг 283 шахс ушланиб, улардан олинган 902 миллион сўмдан ортиқроқ қийматдаги моддий-товар бойликлар эгаларига қайтарилди. Ушбу ҳуқуқбузарликларни содир қилган шахсларга судлар томонидан 594 миллион сўмдан ортиқроқ жарима қўлланилди.
Қўриқлаш хизмати томонидан савдо нуқталари, бозорлар, умумий овқатланиш тармоқлари, мактаблар, ўрта махсус ўқув юртлари, маданият ва истироҳат боғларида видеокузатув мосламалари ўрнатилиши натижасида 2 мингга яқин жиноятнинг олди олинди.
2017 йилнинг 10 апрель куни Хоразм вилояти Хонқа тумани Сарапён қишлоғида яшовчи фуқаронинг уйига юзига ниқоб кийган номаълум шахс бостириб кириб, уй эгаси ва унинг қайнонасининг оёқ-қўлларини боғлаб, баданларига бир неча маротаба пичоқ билан уриб жароҳат етказиб, уйидаги 200 минг сўм пулини олиб кетган. Туман ИИБ Қўриқлаш бўлими ходими катта сержант Ғайрат Бекжонов ўз хизмат ҳудудида уни кўриб, яширинишга ҳаракат қилган номаълум шахсни қувлаб ушлайди. Текшириш натижасида мазкур босқинчилик жиноятини содир қилган Руслан Ишжанов эканлиги аниқланди. Унинг айби исботланиб, суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
- Ички ишлар тизимида мард ва фидойи ходимлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш ва Ватанга фидойилик руҳида тарбиялаш билан бир қаторда нопок кимсалар ҳам учраб туради. Аввалги суҳбатимизда масъулиятсиз ходимларни аниқлаш ва сафларни тозалаш бўйича манзилли чора-тадбирларни давом эттирамиз, деган эдингиз...
- Бугунги кунда ходимларни ўқитиш, уларнинг касб маҳорати ва малакасини ошириш ишлари мутлақо янгича асосда ташкил этилиб, шахсий таркибни тарбиялашда муомала маданиятини юксалтириш, масъулиятлилик, поклик ва билимдонлик каби асосий хислатларни шакллантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада, Президентимизнинг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ички ишлар органларида хизматни ташкил этиш механизмларини илк бор ягона тизимга жамланишига замин яратди.
Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмаларга эга ақлан ва жисмонан етук ёшларни тарбиялаш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сонли қарори асосида вазирлик тизимида, ҳар бир минтақада 1 тадан, жами 14 академик лицей ташкил этилди.
Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимларни Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги 5106-сон Фармонида белгиланган йўналишларда тарбиялаш, уларни жисмонан ва маънан етук, Ватанга садоқатли ҳамда ўз касбини севадиган ходим қилиб етиштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан кенг қамровли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бугунги кунда ички ишлар органларининг 2 минг 389 ходими ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларига аъзо бўлди.
Эътироф этиш жоизки, 2017 йилда хизматда алоҳида намуна кўрсатган ҳамда юқори кўрсаткичларга эришган 89 нафар ходимга давлат мукофотлари берилди, 10 мингдан ортиқ ходим вазирлик томонидан рағбатлантирилди.
Дарҳақиқат, ички ишлар органларида мард, ҳимматли ва ўз ишининг устаси бўлган профессионал ходимлар билан бир қаторда ички ишлар органлари сафига ғараз ниятларда кирган, ўз манфаатини давлат ва халқ манфатларидан устун қўядиган ходимлар ҳам, афсуски, учраб туради.
Шунинг учун ҳам биз домий равишда сафларимизни нопок ходимларидан тозалаб келмоқдамиз. Масалан, 2017 йилда хизмат интизомини бузганлиги учун 8 минг 32 нафар ходим интизомий жазога тортилди. Шундан 230 нафари турли жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Шу ўринда, яна бир муҳим масалага тўхталмоқчиман. Юқорида биз 2017 йил мобайнида ички ишлар органлари соҳасида олиб борилган ислоҳотларнинг айримларига тўхталиб ўтдик.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қабул қилинган “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори соҳага бўлган юксак эътиборнинг яна бир намунаси бўлди. Қарор асосида жамоат тартибини сақлаш, авваламбор, вояга етмаган ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг бузғунчи таҳдидларни барвақт аниқлаш бўйича якдил ҳаракатларни, уларни ҳамкорликда ва сифатли бартараф этилишини таъминлаш ишлари йўлга қўйилади.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бўлимлари тузилиб, уларнинг бевосита аҳоли ва депутатлар олдидаги ҳисобдорлиги тизими ўрнатилди. Шунингдек мавжуд куч ва воситалар, аввало, жойларга бириктирилиши эвазига бевосита аҳолига энг яқин бўлган қуйи тизимларнинг моддий-техник имкониятлари ва кадрлар салоҳияти янада мустаҳкамланди.
Профилактика инспекторлари ваколатлари доираси кенгайтирилиб, уларнинг республика миқёсида ўзаро ҳамкорлик қилиш тизими йўлга қўйилди. Улар фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янгича тартиби жорий этилди, шунингдек хизмат ўташ вақтида бириктирилган ҳудудда тезкор-профилактик хизмат кўрсатилмай қолишига сабаб бўладиган ҳолларда, ҳудудни ташлаб кетиши тақиқланди.
Ички ишлар органларининг аҳоли билан яқиндан ҳамкорлик қилишга қаратилган янги тизими жорий этилди.Унга мувофиқ, эндиликда ички ишлар бўлимлари томонидан сектордаги криминоген вазият билан таништириш ва йўриқнома беришда маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари ҳам иштирок этади. Яна бир муҳим янгилик – Тошкент шаҳри туманларида туман халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари раислик қиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ва муаммоли оилалар билан ишлаш устидан назорат бўйича жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланди. Ушбу чора-тадбирлар пойтахтимизда ички ишлар органлари ҳамда жамоатчиликнинг ўзаро яқин ҳамкорлигига асосланган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича самарали тизим яратилганлигидан далолат беради.
Зеро, ички ишлар органлари ходимлари жиноятчиликнинг олдини олиш, содир бўлган жиноятларни “изи йўқолмасдан” фош этиш ва жамоат тартибини сақлаш борасида фидойилик билан хизмат қилишни давом эттиради. Халқнинг ишончини оқлаш, соҳани чинакам халқпарвар тизимга айлантириш пировард мақсадимиздир.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА