2018 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди ва бу ҳолат аҳоли ўртасида ҳар хил тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шу ва солиқ тизимида амалга оширилаётган бошқа ўзгаришларга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат РАЖАБОВ билан суҳбатлашди.
– 2018 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қандай ўзгартиришлар киритилди?
– Жорий йилдан жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу борада аҳолида жуда кўп саволлар пайдо бўлмоқда. Шу вақтгача кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган, яъни кадастр идоралари томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган база ҳисобланган. Эндиликда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг инвентар қийматидан эмас, кадастр қийматидан ҳисобланиши жорий этилиб, солиқнинг асосий ставкаси 0,2 фоиз қилиб белгиланди (ўтган йили 1,7 фоиз эди) ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.
– Агар кадастр қиймати мавжуд бўлмаса-чи?
– Мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда, солиқ шартли қийматда ҳисобланиши белгиланган. Жорий йилдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказидаги уй учун 210 миллион сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида ҳисобланиши ўрнатилди.
Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги солиқ суммасига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Мисол учун, Қарши туманида жойлашган ҳовли-уйнинг кадастр қиймати 321,2 миллион сўмни ташкил этиб, 2018 йил учун 429,1 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланиши лозим эди, лекин 2017 йилда ушбу мулк учун ҳисобланган солиқ суммаси 134,4 минг сўм бўлгани учун 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгилангани инобатга олиниб, 2018 йил учун солиқ 161,3 минг сўм ҳисобланади.
– Бундай ўзгаришлардан келиб чиқиб қандай меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган?
– Ҳукуматнинг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Низомга асосан кўчмас мулк объектларининг кадастр қиймати умумий фойдали майдоннинг бир квадрат метри, ҳудудий тузатиш ва эскириш коэффициентлари асосида ҳисоблаб чиқилади. Бу ўзгаришларнинг барчаси жисмоний шахслар эгалигидаги мол-мулкни кадастр идораларида рўйхатга олиш орқали солиқларни ҳисоблашга хизмат қилади.
– Хонадонларга тегишли томорқадан самарали фойдаланилмаётган ҳолатлар аниқланса, солиқлар ортар экан. Шу гап ростми?
– Муҳим янгиликлардан бири томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаётган жисмоний шахслар аниқланган тақдирда, улардан ушбу ер участкалари учун ер солиғи 3 баробар миқдордаги ставкада ундирилади. Бунинг учун маҳалла фаоллари билан хонадонма-хонадон юрилиб, томорқа ер участкасига эга бўлган хонадонлар ўрганилади ҳамда экин экилмаган ҳолат бўйича ҳар бир ер участкаси эгасига солиқни 3 баробар ставкада тўлаш лозимлиги тушунтирилади ва ёзма тўлов-хабарнома берилади.
– Вилоят аҳолиси ўз мажбуриятларини тўлиқ адо этиб, солиқларни ўз вақтида тўлаяптими?
– Долзарб масалани кўтардингиз. Бугун вилоятимизда 483 мингдан ортиқ солиқ тўловчи жисмоний шахс мавжуд. Уларнинг аксарияти ўз мажбуриятини муддатида бажармоқда. Бироқ айрим солиқ тўловчилар мажбуриятини муддатида бажармагани учун 17 миллиард сўм қарздорлик суд орқали ундирилаётир. Бу борада мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир жисмоний шахс, ер ва мол-мулк эгасидан юқоридаги каби ноқулайликларга дуч келмаслиги учун солиқларни ўз вақтида тўлашини сўраймиз.