Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ангрен шаҳри яқинида жойлашган дала-ўқув майдонида ёшлар учун кўргазмали тактик-ўқув машғулоти бўлиб ўтди
2018-02-16 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм шахсий таркиби, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши вакиллари, таълим муассасалари ўқувчилари ва ўқитувчилар иштирок этди.
Машғулотлар давомида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш, замонавий фикрлайдиган, юксак маҳорат ҳамда маънавий-ахлоқий хислатларга эга ҳарбий кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ёшлар дала шароитида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиб, ҳарбийлик касбининг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишди. Тактик-ўқув машғулотларида ҳарбийлар томонидан жанговар қурол ва ҳарбий техникалар имкониятидан, замонавий ахборот технологиялари ва алоқа воситаларидан унумли фойдаланиш юзасидан тушунчалар берилди. Ҳарбий хизматчилар иштирокида ҳудудни ўрганиш, позицияларни эгаллаш, амалий тарзда қўйилган жанговар вазифа бажарилиши намойиш этилди.
– Бу каби амалий-кўргазмали машғулотларда биринчи бор қатнашаяпман, – дейди Ангрен кўмир саноати касб-ҳунар коллежи ўқувчиси С.Йўлчиев. – Тўғри, дарсда ўқитувчиларимиздан жанговар-ўқув вазифаларни бажариш бўйича мунтазам назарий билимларни ўрганамиз. Лекин ҳарбий хизматчилар билан дала шароитида уларнинг амалий машқларини кузатиш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни ўз қўлимиз билан ушлаб кўриш, унинг ишлаш тартиби ва функциялари билан яқиндан танишиш бошқача бўлар экан. Бу менда катта таассурот қолдирди. Ҳарбий бўлиш истагим янада кучайди.
Тадбирда ёшлар ҳарбийлар билан дилдан суҳбат қурдилар, соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА