Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайёр меҳнат ярмаркаларига ишсиз ёки вақтинча иш билан банд бўлмаган 400 га яқин фуқаро таклиф этилди
2018-02-16 | Жамият
Наманган вилоятининг Косонсой туманида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида сайёр меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда.
Туманнинг Янгийўл, Қўқумбой ва Бешкетмон маҳаллаларида ташкил этилган шундай тадбирлардан кўзланган мақсад қишлоқларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, уюшмаган ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш бўлди.
Ярмаркада Косонсой ва унга қўшни туманлар, вилоят миқёсидаги 30 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса 780 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Тадбирга бутунлай ишсиз ёки вақтинча иш билан банд бўлмаган 400 га яқин фуқаро таклиф этилди.
– Ижтимоий муҳофаза ва турмуш фаровонлигини ошириб боришнинг муҳим воситаси бўлган аҳолини иш билан таъминлаш Президентимиз олдимизга қўяётган энг асосий вазифалар сирасига киради, – дейди Косонсой тумани бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Зоиржон Аҳмедов. – Ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳам бандлик дастурини таъминлаш борасидаги йўналишлардан биридир. Бугунги ярмаркада марказимизга иш сўраб мурожаат қилганлардан 238 нафари ишга йўлланма олди. Жумладан, 178 киши ҳақ тўланадиган жамоат иши билан таъминланди.
– Ҳақ тўланадиган жамоат иши бўйича 78 киши билан меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилдик, – дейди тадбиркор Қодиржон Умаров. – Уларга тўланадиган иш ҳақининг 50 фоизи жамоат ишлари жамғармаси томонидан қопланиши иш берувчига ҳам муайян бир имтиёз берар экан. Ҳисоблаб чиқдим, 80 га яқин кишини шу асосда иш билан таъминлашимиз жорий йилнинг ўзида 700 миллион сўм маблағни тежаш имкониятини бермоқда.
Сайёр ярмаркада, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакиллари томонидан 70 га яқин фуқаронинг хорижда ишлаб келиш масаласи юзасидан мурожаатлари асосида тушунча ва маслаҳатлар берилиб, уларнинг рўйхати шакллантирилди.
Туман ҳокимлиги биносида ташкил этилган ушбу тадбирда диний- экстремистик оқимларга хайрихоҳлар ва уларнинг ишсиз оила аъзолари бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилди.
Ярмаркада 17 иш берувчи субъект ўзида мавжуд 80 дан зиёд бўш иш ўрнини тақдим этди. Туманда иш билан банд бўлмаган, махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларидан 18 нафари билан корхона ва ташкилотлар ўртасида меҳнат шартномалари расмийлаштирилди.
Акрамжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА