Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Fazo-Luxe” бозорда ўз ўрнини топмоқда
2018-02-16 | Жамият
Инсон ўзи хоҳлаган ишни қилса, бажараётган юмушидан кўнгли тўлади, маънавий озуқа олади, қолаверса, рўзғори бут бўлади. Шерзод Шукурлаев ҳам ҳаётда шуни ўзига шиор қилиб олган одамлардан, десак муболаға қилмаган бўламиз. У анчадан бери тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қилишни орзу қилиб юрарди.Дўстлари, оила аъзолари, ўзига яқин одамлар билан маслаҳатлашиб, бундан уч йил илгари шу юмушга қўл урди.
Бўлажак тадбиркор ўзи пойтахтда истиқомат қилсада, лекин корхонани қишлоқ жойда очиш, ўша ердаги аҳолини иш билан банд қилишни ўйларди. Шу боис, у Тошкент вилояти Тошкент туманининг «Гулистон» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги анчадан бери бўш турган бинони сотиб олиб, корхона ташкил этиш ниятида эди. Бизнес лойиҳа тузиб, Давлат рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилди. Натижада 2015 йилда 1 миллион 600 минг АҚШ доллари қийматида инвестиция киритиш, камида 110 та иш ўрни яратиш шарти билан бино «ноль» харид қийматида ажратилди. Лойиҳада тиббиёт соҳаси учун турли ҳажмдаги дока, бинт ва тиббиёт пахтаси ишлаб чиқариш кўзда тутилганди.
Дастлаб бинони ишлаб чиқаришга мослаштириш учун таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кейин Хитойдан зарур дастгоҳлар олиб келиниб, ўрнатилди. Инвестиция дастурида кўзда тутилган барча мажбуриятлар ортиғи билан бажарилди. Хуллас, “Fazo-Luxe” номи билан ташкил этилган масъулияти чекланган жамият 2016 йилнинг 1 декабрдан фаолиятини бошлади. Агар корхонанинг ўтган йилдаги ишини таҳлил қиладиган бўлсак, анчагина ижобий кўрсаткичлар қўлга киритилганлигига гувоҳ бўламиз. Хусусан, 6,2 миллиард сўмлик тиббиёт буюмлари тайёрланиб, унинг бир қисми республикамиз ички бозори эҳтиёжини қондирди, бир қисми эса хорижга экспорт қилинди.
Корхонанинг бугунги фаолияти барқарор бўлиб, режалаштирилган барча кўрсаткичлар ортиғи билан ижро этилмоқда. Масалан, ҳозир жамоада 172 нафар кишинингбандлиги таъминланган, 30 турдан зиёд тиббиёт буюмлари тайёрланяпти. Жорий йилда 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Агар бултур тайёрланган маҳсулотлар Афғонистон ва Украинага экспорт қилинган бўлса, айни пайтда экспорт географиясини кенгайтириш, хусусан, Молдова, Қирғизистон ва Қозоғистонга ҳам маҳсулот сотиш учун шартномалар имзоланган. Энг асосийси, ҳозиргача масъулияти чекланган жамиятга 2 миллион 805 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, инвестиция мажбурияти ортиғи билан уддаланди.
– Корхона бизга «ноль» харид қийматида берилганидан ҳукуматимиздан миннатдормиз, – дейди масъулияти чекланган жамият директори Шерзод Шукурлаев. – Солиқларни тўлашда ҳам имтиёзларга эгамиз. Бундай енгилликлар иқтисодий томондан оёққа туриб, ишимизни жонлантириб юборишга замин яратади. Акс ҳолда фармацевтика соҳасида хўжалик юритиш бирмунча қийин бўларди. Қолаверса, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Шу боис, мутахассислар ва ишчиларнинг малакасини оширишга доимо эътибор қаратиб келинади. Хорижлик ҳамкасбларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга интиляпмиз. Хусусан, корхона фаолиятини бошлаган дастлабки пайтларда хитойлик ҳамкорларимиз ишчиларимизга дастгоҳларни бошқаришда ёрдам беришди. Шунингдек, жамоа аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам асосий вазифаларимиздан ҳисобланиб, ишхонада бепул тушлик ташкил қилинган. Қўшни маҳаллалар ва пойтахтдан келадиган ишчилар учун алоҳида автобус ажратилган. Ҳозир иш бир сменада, ёз ойларида эса икки сменада ташкил этилади. Тошкентда тайёр маҳсулотларимизни сотадиган дорихоналаримиз ҳам бор.
Жорий йилда “Fazo-Luxe”да яна бир лойиҳани амалиётга татбиқ этиш устида иш олиб бориляпти. «Ипотека-банк»нинг Шайхонтоҳур тумани бўлимидан 800 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, Хитойдан тиббиёт докаси ишлаб чиқарадиган 40 дона дастгоҳ харид қилиш ва 20 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳани йил якунида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Маҳсулот сифати ва унинг жаҳон андозаларига жавоб бериши давр талабларидан биридир. Буни яхши тушунган корхона раҳбариятининг бу борадаги изланишлари ўз самарасини бермоқда. Жамиятда тайёрланаётган тиббиёт буюмлари халқаро ISO 9001: 2015 ва ISO 13485: 2016 сертификатларига лойиқ топилганлиги фикримизнинг исботидир.
– Фаолиятимизни йўлга қўйишда «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат банки Шайхонтоҳур тумани филиалининг ёрдами катта, – дейди корхона бош ҳисобчиси Иброҳим Зоитов. – Ҳозиргача молиявий муассаса томонидан ажратилган 3 миллиард 858 миллион сўм миқдоридаги кредитлар ҳисобига ишлаб чиқариш учун зарур дастгоҳлар ва автотранспорт воситалари харид қилинди.
Жорий йилнинг 6 февралда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган фармацевтика соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда мамлакатимизда фармацевтика саноатида амалга оширилаётган ислоҳотларга баҳо берилиб, ҳали қилинадиган ишлар кўплиги, республикамизда дори воситалари ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланганди.
“Fazo-Luxe” масъулияти чекланган жамияти давлатимиз раҳбарининг топшириғига «лаббай» деб жавоб бериб, мамлакатимиз фармацевтика саноатини ривожлантиришга ўз улушини қўшиш, аҳолини зарур тиббиёт буюмлари билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган жамоалардан биридир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги