Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қуйи Чирчиқда велопатронаж хизмати иш бошлади
2018-02-15 | Соғлиқни сақлаш
Тиббий патронаж хизмати нафақат тиббий-профилактика ёрдами, балки аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қиладиган кўплаб омилларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун велопатронаж хизматини йўлга қўйди.
Ҳудуддаги патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини ошириш, уларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида тиббиёт муассасаларига туман ҳокимлиги томонидан 22 велосипед тақдим этилди. Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасидаги 81 патронаж ҳамшираси 104 минг 248 нафар аҳолига хизмат кўрсатади.
Соҳада рўй бераётган бундай янгиликлар тиббий патронаж тадбирларини юқори савияда ташкил этишга мўлжалланган. Бу эса касалликларнинг ўз вақтида олдини олиш, айниқса, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА