Мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Давлат думаси депутати А.Журавлёв бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлди.
Вазир А.Ҳаитов билан мулоқотда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодиёт, транспорт ва логистика, туризм, фан-таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йилдан-йилга фаоллашиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар бунда муҳим омил бўлмоқда.
Ташриф доирасида Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланган эди. 2017 йил 21 декабрда кучга кирган мазкур хужжат Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги меҳнат миграцияси жараёнларини қонуний оқимга солиш имкониятини яратади. Икки мамлакат фуқароларининг манфаатларига хизмат қиладиган ушбу битим мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади, одам савдоси ривожланишига сабаб бўладиган ноқонуний миграциянинг олдини олишга хизмат қилади.
Битимнинг ижросини таъминлаш мақсадида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, унинг доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россиянинг деярли барча минтақаларида учрашувлар ташкил қилди. Иш берувчилар ва минтақавий маъмурият вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Ўзбекистон фуқароларини хорижий давлатларга, жумладан, Россия Федерациясига ишга жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Ҳозирги кунда Самарқандда Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва жўнатиш маркази фаолият юритмоқда. Худди шундай марказ жорий йилда Фарғона шаҳрида очилиши режалаштирилган.
Делегация раҳбари, Россия Давлат думаси депутати А.Журавлёв самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистондан бораётган меҳнат мигрантларини Россия қонунчилиги билан таништириш, уларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Ушбу йўналишда ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шу куни делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Эшонхўжаев билан ҳам учрашди.
Учрашувда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Манба: ЎзА