Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чўл қўйнида йирик завод
2018-02-13 | Жамият
Бухоро вилояти Пешку туманидаги Варахша чўл массивида “Бунёдбек ал-Бухорий” масъулияти чекланган жамиятига қарашли қум-шағал аралашмасини қайта ишлаш заводи ишга туширилди.
Бухоро вилоятида энг йирик карьер хўжалиги ҳисобланган ушбу завод йилига 30 минг кубметрдан зиёд маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Янги ўзлаштирилган конда бир неча ўн йилларга етадиган ресурс захираси мавжуд.
– Умумий лойиҳа қиймати 452 минг долларга тенг корхонамиз энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган, – дейди "Бунёдбек ал-Бухорий" МЧЖ раҳбари И.Мирхонов. – Бу ерда турли ўлчамдаги, яъни пойдеворбоп, темир-бетон маҳсулотлари, автомобиль йўллари ва бошқа мақсадларга мўлжалланган қум-шағал ишлаб чиқарилади. Йўл хўжалиги ва қурилиш ташкилотларига зарур бўлган чақиқтошлар вилоятимизда камлиги боис уларнинг бир қисми каттагина транспорт харажатлари ҳисобига ташиб келтирилади. Ўйлайманки, бу муаммо ечимида корхонамизнинг ўз ўрни бўлади. Қолаверса, маҳсулотимиз мижозлар учун арзон тушади.
Дарвоқе, заводга ҳозирда кўплаб буюртмалар туша бошлади.
Корхонада 48 киши меҳнат қилмоқда. Йил охиригача хомашёнинг бир қисми қайта ишланиб, темир-бетон маҳсулотлари тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда. Шунинг ҳисобидан яна 20 иш ўрни яратилади.
Вилоятда қурилиш материалларига бўлган талаб тобора ортиб бораётганини инобатга олиб, қурилиш индустриясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишда умумий қиймати 679 миллиард 364 миллион сўмлик 24 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу 1 минг 213 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Манба: ЎзА