Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида мумтоз адабиётимизнинг буюк намояндалари Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунларига бағишланган бадиий-маърифий тадбир ўтказилди.
“Назм ва наво” деб номланган анжуманда институт ректори С.Юнусов ва бошқалар мамлакатимиздаги маънавий янгиланишлар жараёнида улуғ алломаларимиз меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришдаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Буюк аждодларимиз асарларида тараннум этилган умуминсоний қадриятлар ёшларнинг ҳар жиҳатдан соғлом, юксак маънавиятли бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга.
– Таълим муассасаларида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини кенг ва атрофлича ўрганиш борасида самарали ишлар йўлга қўйилган, – деди филология фанлари номзоди, доцент Р.Баракаев. – Хусусан, буюк бобокалонларимиз ижодий меросига бағишланган кўплаб адабий кечалар, маънавият соатлари, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирда институт талабалари томонидан шоирларимизнинг ғазаллари, рубоийларидан намуналар ўқилди, театрлаштирилган томошалар намойиш қилинди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
Манба: ЎзА