Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламентлараро алоқалар мустахкамланиши давом этмоқда
2018-02-13 | Сиёсат
Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Буюк Британиядаги демократик Вестминстер фондининг лойиҳалар директори Д.Ошонесси ҳамда Европа ва Марказий Осиё бўйича катта менежери К.Левик бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари С.Отамуратов меҳмонларни қутлаб, мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан ахборот берди.
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва муносиб қаршилик кўрсатиш алоҳида қайд этилди.
Меҳмонлар илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларини мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, Буюк Британиядаги демократик Вестминстер фонди ҳақида маълумот берилди.Фондга 1992 йилнинг апрел ойида қироллик ҳокимиятининг алоҳида ҳуқуқлари билан Буюк Британиянинг учта асосий партиялари тақдим этилган плюралистик демократияни ҳаракатлантириш мақсадида асос солинган.
Шу билан бирга, Тошкентда Ўзбекистон Республикасида жаҳон стандартлари талабларига мос олий маълумотга эга бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган Халқаро Вестминистр Университети фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув давомида меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тузилиши, ундаги сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати, ташкил этилган қўмиталар, комиссиялар ва ҳорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти тўғрисида ахборотлар берилди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашувда бошқа масалалар қатори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан илмий-таҳлилий соҳадаги алоқаларни мустахкамлашга оид масала ҳам муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси