Тошкентда 12 февраль куни Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён бошчилигидаги делегация аъзолари билан бизнес-мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Жанубий Кореянинг Ташқи ишлар, Савдо, саноат ва энергетика вазирликлари, ишбилармон доираларининг 60 дан зиёд вакиллари, Ўзбекистондан ташқи савдо, сармоя, энергетика, автомобилсозлик, қурилиш, кимё, енгил саноат, тиббиёт, таълим, транспорт ва транспорт коммуникациялари, ахборот технологиялари ҳамда сайёҳлик соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралар, компания ва концернлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Холмуродов, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ва бошқалар Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлиги савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга давлат ташрифидан сўнг бу муносабатлар янги сифат босқичига кўтарилди. Корея Республикаси делегациясининг мазкур ташрифидан кўзланган мақсад икки мамлакат раҳбарлари учрашуви чоғида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш ҳамда Кореянинг йирик сармоявий компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда ҳамкорлик учун янги уфқлар очилди, энергетика, нефть-газ, таълим, ахборот технологиялари, машинасозлик, кимё саноати ва бошқа соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Форумда Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти ҳақида видеоролик намойиш этилди. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури тақдимотини ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Жанубий Кореянинг етакчи корпорациялари раҳбарлари Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар катта қизиқиш уйғотаётгани, мамлакатимиз билан алоқаларни кенгайтиришдан ҳар томонлама манфаатдор эканини қайд этдилар.
Жанубий Корея делегацияси, шунингдек, Тошкентдаги Инҳа университетига ташриф буюрди. Бу ерда Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларининг тарихи, ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида маъруза қилди.
Матназар Элмуродов, ЎзА
Манба: ЎзА