Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Россия ёшлари иккинчи форуми иш бошлади
2018-02-12 | Жамият
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Ўзбекистон – Россия ёшлари иккинчи форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Форумда икки мамлакат делегациялари аъзолари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, иқтидорли ёшлар иштирок этди.
Мазкур форум Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан Россия ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумига мувофиқ ўтказилмоқда.
Анжуман икки давлат ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Россия ёшлар иттифоқи вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Форум 12-18 февраль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилиши белгиланган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Россия ёшлар иттифоқи раиси Павел Краснокутский форум ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, дўстона муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Форум доирасида икки давлат ёшлари ўртасида ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш муҳитини яратиш, тадбиркорлик, туризм соҳаларини ривожлантириш истиқболлари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор дастурларни муҳокама этиш мўлжалланмоқда. Иштирокчилар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг технопарки ва Ёшлар ижод саройига ташриф буюради. Ёш ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар сиёсатида фан ва таълим каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкиллаштирилади.
Нурилло Насриев, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА