Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорои шарифнинг қадимий ва бетакрор меъморий обидалари Туркия инвесторлари нигоҳида
2018-02-12 | Туризм
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Туркиянинг туризм соҳасидаги бир қатор етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат 30 кишилик делегация Бухоро шаҳрини зиёрат қилишди.
Меҳмонлар Хитойдан Римгача олиб борувчи Буюк Ипак йўлининг энг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган Бухоро шаҳрига саёҳат уюштириб, 2500 йиллик Бухоронинг тор кўчаларида кезган ҳолда кўк гумбазли ҳашаматли бинолар ҳамда кичик лойсувоқ уйлардан завқ олишди.
Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган Исмоил Сомоний мақбараси, юз йиллар давомида Бухоро ҳукмдорларининг расмий яшаш жойи бўлган Арк қалъаси, Пои Калон, Минораи Калон меъморий мажмуалари, Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжид бўлмиш – Масжиди Калон, Мири Араб мадрасаси, Бухоро аҳли ва меҳмонларининг севимли жойи Лаби Ховуз, Чор Минор мажмуаси, Моғаки Аттор масжиди, Кўкалдош, Улуғбек мадрасалари, Ғарб ва Шарқ меъморчилиги асосида қурилган Сетораи Моҳи Хоса меъморий иншооти Туркия инвесторларида ўзгача таассурот қолдирди.Дарҳақиқат, зардўзу каштадўз, кулолу миниатюрачи рассом, кандакору наққошларнинг эмин-эркин ишлаб туришлари кўҳна шаҳарда қайноқ ҳаёт ҳукмронлигидан далолат бераётгандек туюлади. Шаҳар кўчаларида Англия, Франция, Испания, Япония, Корея, Туркия каби кўплаб мамлакатлардан ташриф буюраётган сайёҳлар туризмга қизиқувчи ҳар бир инсонни қувонтиради. Буларнинг барчаси эса ҳукуматимизнинг шу соҳага дахлдор таклифларни қўллаб-қувватлаётганлиги, шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг сай-ҳаракатлари билан боғлиқ, албатта.
Ташриф сўнгида меҳмонлар учун кичик концерт дастурининг ташкил этилиши уларни янада хушнуд қилди. Меҳмонлар Бухоро шаҳри тарихий обидаларининг ўзига хослиги, халқимизнинг меҳмондўстлигини алоҳида таъкидлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги