Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
2018 йил 10 февраль куни Тошкентда Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 2017 йил 4-6 декабрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясини тузиш ҳақидаги келишувга эришилган эди.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг Хавфсизлик кенгашлари аппарати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари киритилди.
Йиғилишда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, қурол савдоси ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш ва уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг бошқа шаклларига барҳам бериш масалаларидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Божхона билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш, давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги ўзаро алоқаларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Хавфсизликни таъминлаш, қўшма тараққиёт ва инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Мозори-Шариф – Ҳирот темир йўли ҳамда Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси қурилишини амалга ошириш, шунингдек, Кобул ва Мозори-Шариф шаҳарларидаги ишлаб чиқариш корхоналари, марказлари, савдо уйлари хавфсиз фаолиятини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 2017 йил 4-6 декабрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугун Тошкентда бўлиб ўтган Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши хавфсизлик масалалари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги амалга оширилаётган ҳамкорликнинг мантиқий давомидир, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Аҳмад Мансуров. – Йиғилишда икки давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, хавфсизлик соҳасида икки ва кўптомонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги кўп қиррали ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг ижобий динамикаси қайд этилди. Транзит-транспорт, инфратузилма, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика ва бошқа муҳим соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
– Икки давлат раҳбарларининг 2017 йил декабрь ойидаги учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди, – деди Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаниф Атмар. – Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши якунлари бўйича эришилган натижалар эса Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида келгусида стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Йиғилишда Афғонистон ва Марказий Осиёда узоқ истиқболли барқарорликни таъминлашда тинчлик, изчил тараққиёт ва хавфсизлик масалаларининг узвий боғлиқлиги таъкидланди. Шу жиҳатдан Марказий Осиёда тинчлик, ҳамкорлик ва фаровонлик ҳудудини яратиш мақсадида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда афғон муаммосини ҳал қилишнинг сиёсий-дипломатик воситаларидан янада самарали фойдаланиш орқали Афғонистонни қўллаб-қувватлаш муҳим экани қайд этилди.
Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг илк йиғилиши якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди.
Манба: ЎзА