Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қалбаки дори воситалари 500 доллар билан хаспўшланди...ми?

2018-02-08 | Жамият

Халқимиз орасида қўлингдан келса яхшилик қил, келмаса, ҳеч бўлмаса ёмонлик қилма, деган ажойиб нақл юради. Бунинг замирида ёмон йўлнинг охири – вой, мазмунидаги огоҳлантириш ҳам бордек. Лекин орамизда била туриб ёмон йўлни танлаш, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтаришдек аянчли ҳолатлар ҳам учраб туради.

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарага яшаётган йигит уй эгасининг уйни бўшатиб беринг, деган илтижоларига парво ҳам қилмади. Хонадон соҳабаси яхши гапга кўнмаган ижарачини қонун йўли билан уйдан чиқаришга қарор қилди.
 
Энди эшикни Мажбурий ижро бюроси ходимлари келиб тақиллата бошлади. Эшик очилавермагач, бюро ходимлари уни бузишга мажбур бўлишди. Эшик очилиб, хонадонга қадам қўйган одам борки, ҳайратдан бироз жойларида туриб қолди. Бу ер одам яшайдиган уй эмас, гўёки, кичик фармацевтика корхонаси эди! Ижарачи “тадбиркор” чиқиб қолганидан уйнинг ҳақиқий эгаси ҳам лол бўлиб қолди.
 
“Яширин цех” устидан чиққан ходимлар бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментининг Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўлимига хабар қилди. Хонадонда 18 турдаги қўлбола усулда тайёрланган капсулалар, уларни қадоқлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, бўш ампулалар, этикеткалар борлиги аниқланди.
 
Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб бориш жараёнида сохта тадбиркорлик билан шуғулланиб келган Баҳриддин исмли шахс дориларни қўлбола усулда тайёрлаб, уларни сотиш бидан шуғулланиб келгани аён бўлди. 
 
Ашёвий далил сифатида олинган дорилар суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, одам мушакларини ривожлантириш учун ишлатиладиган турли хил моддалар бирикмаларидан ташкил топган. Ўз навбатида, дори ишлаб чиқариш бўйича рухсатномага, билим ва тажриба, зарур шароитга эга бўлмаган одам томонидан “яратилган” бу дорилар истеъмолга мутлақо яроқсиз бўлиб, инсон саломатлигига жиддий путур етказиши ҳам турган гап. Олмазор тумани давлат санитария-эпидемиология назорат маркази хулосасида ҳам бу баён этилган.
 
Кўриниб турибдики, бир қонунбузарлик иккинчисига йўл очди. Иккинчиси эса учинчисига йўл очди, десак, ошириб юборманг, дерсиз, балки? Афсуски, шундай...
 
Суриштирув-тергов жараёни давом этаётган пайтда сохта тадбиркор яна бир “тадбир”ни амалга оширишга, яъни қалбаки дориларни хаспўлашга уриниб кўрди. Шу ниятда “500 доллар берай, ишимни ёпиб юборинг” деявериб суриштирувчини ҳоли-жонига қўймади. Бир куни унинг хизмат хонасига келган “тадбиркор” стол устида турган ёндафтарча ичига “хамир учидан патир” деб 100 доллар солиб қўйди. У суриштирувчига қараб “дориларимни қайтариб, ишни ёпсангиз, қолганини келтираман”, дейишни ҳам унутмади. 
 
Хонага ўрнатилган видеоёзув мосламасига қайд этилаётган бу ҳолат мавжуд ашёвий далилга яна бир далилни қўшиб қўйди. 
 
Суд зали. “Қора курси”да ўтирган айбланувчи вазият жиддий тус олаётганини сезиб, ўзига қўйилган барча айбловларни бўйнига олмай, рад этишга уринди. Аммо далилларнинг ҳаммаси унга қарши эди. 
 
- Судланувчига қўйилган барча айблар экспертиза хулосаси, кўздан кечириш, олиб қўйиш ва муҳрлаш баённомаси, хатланган дори воситалари далолатномаси, тадбир жараёни ёзиб олинган видео лавҳа ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа ҳужжатлар билан исботланди, - дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди судьяси Мусо Юсупов. – Унга жазо тайинлашда жиноятнинг оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи барча ҳолатлари ҳисобга олинди. Судланувчига икки йил муддатга дори воситалари билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда уч йилдан ортиқроқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 
 
Шу тариқа қалбаки дорилар хаспўшланмади, аксинча бу жиноятни содир этган шахс қонуний жазосини олди. Ашёвий далил сифатида олинган дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинди.
 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться