Навоий вилоятида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида II анъанавий халқаро илмий конференция ўтказилди.
Навоий шаҳридаги муҳташам Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Навоий давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Мўғулистон каби давлатлардан 20 дан ортиқ таниқли навоийшунос олимлар, юртимиздан 200 га яқин профессор ва академиклар, ижодкор зиёлилар, ёш олимлар, талабалар иштирок этди.
Президентимизнинг 2016 йил декабрь ойида Навоий вилоятида ўтказилган сайловолди учрашувида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган халқаро конференцияда истиқлолнинг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодларимиз номини тиклаш, уларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Бу кун барча туркий халқларнинг байрами. Чунки, 9 февраль ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон халқларига бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир таваллуд топган кун, – дейди Туркманистон Фанлар академияси қўлёзмалар институти ходими, филология фанлари номзоди Раҳиммуҳаммад Туренов. – Бу Навоийнинг эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар, маънавий-ахлоқий қадриятлар тўғрисидаги қимматли ғоялари билан узвий боғлиқдир. Шоир номи билан аталувчи Навоий вилоятида бундай йирик анжуманнинг ўтказилиши буюк сўз санъаткорига бўлган чексиз эҳтиром ифодасидир. Анжуманда Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида Ҳусайн Байқаронинг ўрни, “Бобурнома”да Алишер Навоийнинг ўрни мавзуларига мурожаат қилдим.
Дарҳақиқат, шоир бутун умр халққа хизмат қилди, барча асарларида эзгу ғояларни тарғиб этди. Мутафаккир ҳаётини ўрганар эканмиз, умри давомида бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини англаймиз.
– Алишер Навоий асарларида таълим ва тарбияга алоҳида ўрин ажратилган, – дейди Қозоғистон Миллий университети профессори Азамат Акбаров. – Хусусан, буюк бобокалонимиз ўз даврида болани тарбиялашда, аввало, унга яхши муносабатда бўлиш, турли расмли ва ҳикояли машқлар орқали билим бериш ғоясини илгари сурган. XXI асрга келиб замонавий таълимда ҳам бу усул кенг қўлланилмоқда. Шу мақсадда Навоий таълим мактабининг қиёсий таҳлили бугунги таълим-тарбияни ривожлантиришда катта муваффақият бўлади.
Мамлакатимизда 2009 йилда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси таъсис этилган бўлса, ўтган вақт давомида Навоий вилоятидан 34 нафар истеъдодли талаба мазкур стипендия соҳиби бўлган. Хусусан, Навоий давлат педагогика институтида мумтоз адбиётга ошно, Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганган, ўқиши давомида тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган талабалар кўп. Муассасанинг хорижий тиллар факультети рус тили ва адабиёти таълим йўналиши талабаси Ҳулкар Мажидова 2017 йилда нуфузли стипендия ғолиби бўлди.
– Отам адабиётга ихлосманд бўлгани учун ёшлигимда ҳам уйимизда бадиий китоблар жуда кўп бўларди, – дейди Ҳулкар. – Навоий, Бобур асарларидан ибратли ҳикоялар, рубоий ва ғазаллар ўқиб берар, биз уни ёд олар эдик. Адабиётга, айниқса, Навоийни ўрганишга қизиқиш менда ўша пайтларда пайдо бўлган бўлса, не ажаб.
Навоий ижодини ўрганиш ва уни тарғиб этиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Буюк мутафаккир асарлари турли тилларга мукаммал таржима қилинаётир.
– Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси ташаббуси билан Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони украин тилига тўлиқ таржима қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Абдуалиев. – Дастлаб асарни украиналик олим, шоир Николай (Микола) Бажан 1941-1947 йилларда Ўзбекистонга эвакуацияда бўлган даврида таржима қилишни бошлаган. Бироқ ўша даврда атеизм ривожлангани сабабли, Аллоҳни тилга олиш деярли тақиқланган. Шу боис, достондаги соф муҳаббат, дўстлик, севги туйғулари Яратганнинг бизга буюк неъматидир, деган тушунчалари олиб ташланган. Натижада асар ўз асл мазмун-моҳиятини йўқотган. Эндиликда достонни инглиз тилига ўгиришни мақсад қилганмиз. Чунки, халқаро сиёсатда, дипломатияда давлатлар ўртасида мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш учун унинг маънавиятини, маданиятини ўрганиш айни муддаодир.
Анжуман давомида навоийшунослар шуъбаларга бўлиниб, буюк мутафаккир ижодини ўрганишда эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалалар хусусида фикр алмашди. Буюк мутафаккир асарларини дунё тилларига таржима қилиш, ўқувчиларга тушунарли, равон тилда баён этиш хусусидаги изланишлар самараси таҳлил этилди. Шоир ижодига мурожаат этиб, фалакиёт, педагогика, тилшунослик борасидаги бой тажрибасидан унумли фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланди.
Конференция доирасида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига оид кўргазма ташкил қилиниб, Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида юртимизнинг таниқли актёр ва санъаткорлари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди, шоир ғазаллари билан айтиладиган дилбар наволар янгради.
Анжуманда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат),ЎзА
Манба: ЎзА