Кўзи ожиз бўлиб туғилган болакай яқинларининг ёрдами билан қоқилмай-суринмай юришни энди ўрганган эди. Аммо қисматига шу битилган эканми, тўққиз ёшида оёқлари қандайдир касаллик сабаб ўзига бўйсунмай қўйди.
Аммо Ботиржон тақдир уни қанчалик қийнамасин, унга қасдма-қасд иродасини тоблаб, яшашга ўзида доимо куч топди. Вояга етгач, ногиронлар ишлаши мумкин бўлган корхонадан ўзига муносиб иш топди. Оила қурди. Оиласи билан ижара уйда мустақил ҳаёт кечира бошлади.
16 йилдан ортиқроқ вақт айтишга осон. Бироқ ўзлари ёрдамга муҳтож бўлган икки ногирон инсондан иборат оила топган-тутганини ижара уй ҳақига сарфлаб, амаллаб кун кечириб, умргузаронлик қиларди. Ана шу машаққатлар уя қурган ҳаёт чархпалаги шундай айланардики, бу икки яримжоннинг қурби кун кечиришга етарди, холос.
Аслида орзу қилиш учун ҳам инсонда куч-қувват, кайфият, умид бўлиши керак экан. Ботир аканинг уй олишни орзу ҳам қилолмаганман, деган гапларини эшитиб шундай фикрга келдик.
Аммо халқимизнинг ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, деган ҳикматли сўзлари амалий ифодаси гоҳо ён-атрофимизда содир бўлишига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Тошкентлик биринчи гуруҳ ногирони Ботир Ҳасановга Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги хонадон туҳфа этилгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.
– Бу хушхабарни эшитиб аввал қулоқларимга ишонмадим, – дейди Б.Ҳасанов. – Миробод тумани ҳокимлиги ходимлари янги хонадон калитини қўлимга тутқазишганида ҳам ўзимни туш кўраётгандай ҳис этдим. Сергели туманида жойлашган уйимизга кўчиб кирганимизда ҳам бу ҳақиқат рўёга айланиб қолмасмикан, деган қўрқувда юрдим. Ахир, менга етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган, ўзим орзу ҳам қилолмаган катта бахт туҳфа этилганди. Мана, ўз уйимизда яшаётганимизга бир ойдан ошди. Бундай хайрли ишга бош-қош бўлаётганлар учун доим дуодамиз.
Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга имтиёзли уйлардан ажратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган 1 минг 207 нафар фуқарога арзон уй-жой ажратилди. Ёрдамга муҳтож шахсларга узоқ муддатли ипотека кредитлари бошланғич тўловлари учун 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Бу рақамлар замирида меҳр ва эътибордан обод бўлган минглаб кўнгиллар бор. Бундай эзгуликлар эса юртимизга фақат ёруғликлар туҳфа этади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА