Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги Конфуций институти дунё тажрибасида бўлмаган ва илк бор Ўзбекистон олий таълим муассасаси қошида ташкил этилмоқда.
Янги таълим муассасасининг фаолияти Тошкент давлат аграр университети билан Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян Аграр университети ўртасида яқинда имзоланган меморандум асосида йўлга қўйилади.
Мақсад университетнинг иқтидорли талабаларини Хитой университетларида қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олиши, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга оширишдан иборат.
– Йил охирига қадар Синзянь Аграр университети олимлари билан “Ғўзани биологик ҳимоя қилишда Хитой технологияларини қўллаш” ва “Стрессга чидамли қишлоқ хўжалиги экинлари генофондини яратиш” лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз, – дейди Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов. – Ушбу лойиҳалар жорий йилда ХХР Фан ва технологиялар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан молиялаштирилади ва амалга оширилади.
Конфуций институти давлат ўқув муассасаси саналиб, Хитой университетлари ва бошқа давлатлардаги университетлар ҳамкорлигида тузилади. Бугунги кунда дунё бўйлаб 500 дан ортиқ Конфуций институти фаолият юритмоқда.
Манба: ЎзА