Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Андижонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди
2018-02-06 | Жамият
Андижон вилояти ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бўлажак аскарларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда миллий армиямизни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Майдонда ҳарбий либосда саф тортган бўлажак аскарлар юз-кўзидаги ғайрат-шижоат, ўзига ишонч ва қатъият, жисмоний ва маънавий баркамоллик кузатувчилар, айниқса, ота-оналар қалбида ғурур-ифтихор туйғуларини янада юксалтирди. Муддатли ҳарбий хизматга отланаётган йигитларнинг аксарияти “Ватанпарвар” ташкилотининг спорт-техника клубларида таҳсил олиб, турли ҳарбий мутахассисликлар, маълум жанговар кўникмаларни эгаллаган.
– Фарғона шаҳридаги ҳарбий лицейни тамомлаганман, – дейди муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган Қўрғонтепа туманилик Шерзодбек Алимов. – Лицейда таҳсил олиш билан бирга, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳайдовчилар тайёрлаш курсини тамомладим. Ҳарбий хизматга ҳар жиҳатдан тайёр бўлдим. Мақсадим – йигитлик бурчимни аъло даражада адо этиб, юртимга муносиб фарзанд бўлиш, ота-онам, устозларим ишончини оқлаш.
Бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади. Бўлажак аскарларга совғалар улашилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
Манба: ЎзА