Бу Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида чақирилувчиларнинг дастлабки гуруҳини муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросимида ота-оналар номидан сўз олган Муҳайё Бадалованинг сўзлари.
– Ўғлимни миллий армиямиз сафига – Ўзбекистонимиз тинчлигини асрашдек муқаддас бурчини ўташга кузатаётганимдан беҳад бахтиёрман, – деди у. – Барча оналар сингари ўғлимга юртимиз, халқимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишини, ёруғ юз билан қайтишини тилайман.
Вилоят ҳокимлиги, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар ва ота-оналар иштирок этган тадбирда давлатимиз ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланиб бораётгани таъкидланиб, шундай Ватанда яшаш ва уни ҳимоя қилиш юксак шараф экани уқтирилди.
– Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони миллий армиямиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бораётганини таъкидлади, – дейди захирадаги подполковник Аълохон Турғунов. – Аминманки, сизлар ҳам бу ишончга муносиб ҳолда ўз конституциявий бурчингизни шараф билан адо этиб, бир йилдан сўнг яқинларингиз бағрига ёруғ юз билан қайтасиз.
Таниқли санъаткор ва ёш истеъдодлар ижросидаги концерт дастури, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. Ватан ҳимоячиларига дастурхон ёзилиб, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА