Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Партиялар аҳоли фикрини тинглаш ва долзарб масалаларга ечим топишда фаол қатнашмоқда
2018-02-06 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Партия марказий кенгаши раиси С.Отамуродов ва бошқалар партия фаолияти депутатлик бирлашмаларининг халқ билан яқиндан мулоқот қилиши асосида шакллантирилганини таъкидлади. Белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, уни назоратга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса самарали натижаларга эришишда муҳим омил бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан кенг ҳамкорлик қилиш мақсадида меморандум имзоланди. Ҳамкорликда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси юзасидан 194 та депутатлик сўрови юборилди.
Пленумда фракциянинг назорат-таҳлил фаолияти ҳам сарҳисоб қилинди. Фракция ташаббуси билан 2018 йилдаги Давлат бюджети лойиҳасига маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун 38,7 миллиард сўм маблағ ажратиш таклифи берилди. 2017 йилда ушбу мақсадларга 22,5 миллиард сўм сарфланган эди.
Ўтган йили партияга жисмоний ва юридик шахслардан 8 минг 191 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 3 минг 409 таси партия томонидан ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаат қилувчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, тегишли ташкилотларга юборилган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Партия томонидан туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллалар бўйича турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар аниқланиб, улар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди ҳамда ҳудудий, маҳаллий партия ташкилотлари томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Уларни амалиётга татбиқ этиш борасида тизимли чоралар кўрилаётир.
Ёшлар ва аёлларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган «Депутат билан юзма-юз», «Уйма уй» ҳамда «Хизмат-беминнат» лойиҳалари доирасида 4 мингга яқин ёш касб-ҳунарга йўналтирилди, 300 нафардан зиёд уюшмаган ёш доимий иш билан таъминланди, 40 нафар ёшга 345 миллион сўмдан ортиқ кредит ажратишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Пленумда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича 2018 йилдаги вазифалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА