Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ҳудудда саноат, сервис ва хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар тақдимоти ўтказилган, кўплаб ташаббуслар илгари сурилиб, вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган эди.
Бугунги кунда ушбу лойиҳаларнинг аксарияти амалга оширилиб, вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларини таъминланлашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, саноат соҳасида умумий қиймати 203,8 миллиард сўмлик 8 лойиҳа ишга туширилди ва 1583 иш ўрни яратилди. Қишлоқ хўжалигига киритилган инвестициялар эса 91,1 миллиард сўмлик 7 лойиҳани ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш имконини берди.
Фикримизни Самарқанд туманидаги корхоналар фаолияти мисолида давом эттирамиз.
Савдогарликдан ишлаб чиқаришга
Давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида Самарқанд туманидаги “Сам Рафоат текстил” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватларини оширишга оид лойиҳа билан танишган эди. Умумий қиймати 43 миллиард 700 миллион сўмлик мазкур лойиҳа доирасида айни пайтда қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.
Ушбу лойиҳа ташаббускори “Сам Рафоат текстил” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ёш тадбиркор Шуҳрат Ҳамдамов.
– Тадбиркорликни савдо-сотиқ ишлари билан бошлаганман, – дейди Шуҳрат Ҳамдамов. – Хориждан текстиль маҳсулотлари келтириб, бозорда сотардим. Юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор, ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун берилган имтиёзлар туртки бўлиб, хориждан маҳсулот эмас, технология олиб келиш ҳаракатига тушдим. 2010 йилда АҚШдан замонавий технология келтириб, бахмал ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Ишимиз юришиб, маҳсулотимизга ички ва ташқи бозорда тезда харидор топилди. Лекин бозорни ўрганиш жараёнида бу маҳсулотнинг экспорт географияси кенг эмаслигини сезгач, 2014 йилда сочиқ ишлаб чиқаришни ҳам бошладик. Япония, Бельгия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ҳар қандай ўлчам ва дизайндаги сифатли сочиқ ишлаб чиқариш имкониятини берди. Натижада қисқа вақтда маҳсулотимизнинг асосий қисмини экспортга чиқара бошладик.
150 киши меҳнат қилаётган корхонада ҳозир кунига 2200 килограмм ип-калавадан сифатли сочиқ ва бахмал тайёрланмоқда. Маҳсулотнинг қарийб 80 фоизи Россияга экспорт қилинади. Ўтган йили корхона томонидан 300 минг долларлик экспорт шартномалари муваффақиятли амалга оширилди.
– Фаолият бошлаганимдан буён юртимизда ва хорижда ўтказиладиган саноат ярмаркаларида иштирок этиб келаман, – дейди Шуҳрат “маҳсулотга харидор топиш қийин эмасми”, деган саволимизга жавобан. – “Ўзтўқимачилик саноат” уюшмаси, савдо-саноат палатаси аъзосиман. Улар томонидан ташкил этиладиган ҳар бир семинар, халқаро тадбирларда қатнашаман. Ҳамкорларимнинг аксариятини ана шундай ярмарка ва тадбир орқали топганман. Жумладан, ҳозир Россияга чиқарилаётган маҳсулотга харидорлар билан ўтган йил Москвада ўтказилган ярмаркада шартнома тузганмиз. Кейинги икки йил давомида Украинадаги бозорни ўрганиб, жорий йилда ушбу давлатда ўз савдо уйимизни очишни режалаштирганмиз. Шунингдек, апрель ойида Беларусь Республикасида ташкил этиладиган халқаро саноат ярмаркасида қатнашишни мўлжаллаб турибмиз.
Президентимизнинг 2017 йил 9-10 ноябрь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида ўз маҳсулотларимизни намойиш этиб, фаолиятимизни кенгайтиришга оид лойиҳа тақдимотини ўтказган эдик. Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бундан руҳланиб, корхонанинг иккинчи линиясини ишга тушириш ҳаракатини бошлаб юбордик. Япониядан энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар келтириш бўйича шартномалар имзолаганмиз. Ҳамкорларимиз ускуналарни шу йилнинг июнь ойигача етказиб беришади. Унгача биз ҳам қурилиш ишларини якунига етказиб, насиб этса, йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширамиз. Ана шунда корхонамиз кунига 6,5 тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Энг муҳими, экспорт салоҳиятимиз ҳозиргидан бир неча баробар юқори бўлади.
“Оқ Амур балиқлари” интенсив технология асосида ишлайди
Тумандаги “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалиги Самарқанд вилоятидаги балиқчилик хўжаликлари орасида ўз ўрни, мавқеига эга.
2009 йилда битта сунъий ҳовузда балиқ етиштириш билан иш бошлаган хўжалик бугунги кунда 10 га яқин ҳовузда “луқмаи ҳалол” тайёрламоқда. Фермер томонидан ўтган йил 108 тонна балиқ, 25 тонна балиқ чавоғи етиштирилди.
– Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим қадам бўлди, – дейди “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалиги раҳбари ўринбосари Мақсуд Акромов. – Ушбу ҳужжатга мувофиқ “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва унинг таркибида жойларда балиқчилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштирувчи ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд “Балиқсаноат” МЧЖ бизнинг хўжалигимиз ҳудудида фаолият бошлади.
Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифалар асосида хўжалигимизда ҳам балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, балиқ чавоқларини кўпайтириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, сув ҳавзалари ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усул ва интенсив технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида фермер хўжалигимиз етакчиси Вьетнам, Индонезия ва Малайзияда бўлиб, соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишиб қайтди.
Айниқса, Вьетнам давлатида интенсив технология асосида балиқ ва балиқ чавоқлари етиштириш усули эътиборимизни тортгач, мазкур технологияни ўзимизда ҳам жорий этишга қарор қилдик. Шу асосда интенсив усулда балиқ парваришлашга мўлжаланган олтита сунъий сув ҳавзаси, балиқ кўпайтириш инкубация цехлари, омихта ем тайёрлаш, 300 тонналик сиғимга эга музлаткичли омборхона, балиқни қайта ишлаш ва сақлашга мўлжалланган жойлар ташкил этишни ўз ичига олган лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа давлатимиз раҳбари томонидан ҳам маъқуллангач, уни амалга оширишга киришилди.
Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Ипотека” банки томонидан фермер хўжалигига 5 миллиард 230 миллион сўм кредит ажратилди. Бугунги кунда интенсив усулда балиқ етиштиришга мўлжалланган сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш якунига етказилган. Инкубация цехлари, омихта ем тайёрлаш ва музлаткичли омборхона, ишчилар учун турар жойлар қурилиши ҳам яқин орада якунланади. Омборлар учун эса хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатиш бўйича келишувларга эришилган.
– Лойиҳа амалга ошгач, ушбу ҳовузларнинг ўзида йилига 300 тонна балиқ етиштириш имконияти яратилади – дейди М.Акромов. – Шунингдек, вилоятимиздаги балиқчилик хўжаликларини чавоқ билан таъминлаш кўрсаткичлари ҳам анча ошади.
Мазкур лойиҳалардан ташқари, бугунги кунда туманда интенсив ёнғоқзорлар ташкил этиш учун “Самарқанд мева-сабзавотлари” масъулияти чекланган жамиятига 14,6 гектар, “Миронқул мева-сабзавотлари” МЧЖга 159 гектар ер майдони ажратилиб, кўчат экишга тайёрланган. “Мароқанд парранда” паррандачилик корхонаси негизида эса 2 миллион бош курка боқишга мўжалланган лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун корхонага ер майдони ажратиб берилган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА