Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармасига 2017 йили келиб тушган фуқаролар мурожаатлари таҳлили
2018-02-02 | Жамият
Ўзбекистон Президенти томонидан эълон қилинган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» ва Президент ҳамда Ташқи ишлар вазирининг виртуал қабулхоналари очилиши муносабати билан ТИВ Консуллик бошқармасида мурожаатларни холис, тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқишни таъминлаш учун дипломатик хизматда катта тажрибага эга бўлган консуллик ходимлари ва ҳуқуқшунослардан иборат фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасига мамлакатимиз ташқи сиёсати, Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича фуқаролар шикоятлари келиб тушмоқда.
Мурожаатлар Консуллик низоми, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ишчи гуруҳи томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
2017 йили Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси томонидан фуқаролардан жами 4857 та мурожаат қабул қилинди. Бундан 2551 та (52%) мурожаат Ўзбекистон Президенти виртуал қабулхонаси орқали, қолган қисми (48%, ёки 2306) вазир виртуал қабулхонаси, почта хизмати ва бошқа тизимлар орқали йўналтирилган. Маълумотлар таҳлили кўрсатишича, мурожаатлар сони 2016 йилга нисбатан икки баробар ортди. Бу ҳолат Президент ва вазирнинг виртуал ва халқ қабулхоналари фаолияти билан боғлиқ.
Ҳисобот даврида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29 моддасига мувофиқ 75 та ариза аноним бўлгани учун кўриб чиқилмаган.
Аризаларда кўрсатилган масалалар характерини қуйидаги тарзда таснифлаш мумкин:
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш бўйича консуллик ва юридик ёрдам кўрсатиш;
- хориждаги қариндошлари ва яқинлари ўлими сабабларини аниқлаш ва жасадлар келтиришда ёрдам бериш;
- чет эл давлатлари ҳудудида ўзларига ёки яқин қариндошларига қарши жиноий ишларни объектив тергов қилинишини таъминлаш;
- алимент, имтиёзлар, иш ҳақини ундириш ва шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажарилишида ёрдам кўрсатиш;
- чет элдаги яқин қариндошларни қидириш ва уларни ватанига қайтариш.
Шу билан бирга, Вазирликнинг фуқаролар билан мулоқоти ошкоралигини таъминлаш мақсадида ТИВнинг чет элдаги муассасалари ва ҳудудлардаги бўлинмалари билан биргаликда 2017-йил 5-июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ватандошлар билан бевосита мулоқоти ўтказилди.
Тўғридан-тўғри мулоқот давомида Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларига Ўзбекистон фуқароларидан 208 та мурожаат келди ҳамда студия, мамлакат ҳудуди ва чет элдаги фуқароларнинг 39 та саволига жавоб берилди.
Тўғридан-тўғри мулоқот давомида қабул қилинган бошқа 169 та савол бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- 116 та мурожаат Вазирлик томонидан кўриб чиқилди, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик идораларига ўз ваколати доирасида ҳал қилиш учун тегишли топшириқ юборилди;
- 53 та мурожаат кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун тегишлилиги бўйича вазирликлар ва идораларга жўнатилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги